Қарши шаҳридаги “Беш ташаббус олимпиадаси” ёшларнинг истеъдоди, қизиқиши ва салоҳиятини бирлаштирган йирик тадбир бўлди. Фестиваль ёшларга билим, маънавият, спорт, санъат ва технологиялар соҳасида янги имкониятлар очди.
Ёшлар ишлари агентлигининг мега лойиҳалари тарғиботи фестиваль доирасида амалга оширилди. Ушбу лойиҳалар ёшларни инновацион фикрлашга, ташаббускорликка ва жамиятда фаол бўлишга ундади. Шунингдек, “Ёшлар овози” танлови иштирокчилари томонидан миллий мақомлар ва санъат намуналари тақдим этилди, миллий кийимлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Интеллектуал синовлар “Заковат” ва мунозара мусобақалари ёшларнинг фикрлаш қобилиятини синовдан ўтказди. Спорт турлари бўйича шахмат, шашка, футбол ва бошқа мусобақаларда ёшлар ўз иқтидорини намойиш этди.
[gallery-25299]
Маънавият тарғиботи доирасида “Китоблар карвони” лойиҳаси асосида маънавий бойликни ифода этувчи китоблар тарқатилди. Болалар ташкилоти сардорлари ёшлар ўртасида “Жасорат”, “Илдиз” ва “Яшил макон” каби лойиҳаларни тарғиб қилди, шунингдек, ёшлар сардорлари сайлови ўтказилди.
Фестивалга махсус отлар томошаси ва ҳарбий техникалар кўргазмалари ёшларда ватанпарварлик руҳини кучайтирди. Кечки шоу-гала концертда машҳур санъаткорлар қатнашди.
“Беш ташаббус олимпиадаси” ёшларнинг ижодкорлиги, билимдонлиги ва ватанпарварлиги ривожига ҳисса қўшиб, улар учун унутилмас таассуротлар қалбини бойитди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари