“Беш ташаббус олимпиадаси”: Янги мавсумда янгиликлар кўп (+видео)
Ёшларимизнинг севимли лойиҳаси – “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2024 йилги мавсуми бошланди. Эндиликда иштирокчи ёшларни яна катта синовлар, ҳаяжонли танлов ва мусобақалар ҳамда рағбатлар кутмоқда.
Хўш, бу йилги лойиҳага қандай ўзгариш ва янгиликлар киритилди? Лойиҳа доирасидаги мусобақа ва тадбирларга ёшларимиз қандай иштирок этиши мумкин?
Шу каби саволларга Ёшлар ишлари агентлиги Марказий аппарати бўлим бошлиғи Шерзод Олимов батафсил маълумот берди.
–Бугунги кунда “Беш ташаббус олимпиадаси” орқали ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтган 2023 йилда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида танлов ва спорт мусобақалари маҳалла ёшлари ўртасида анъанавий тарзда, мактаб ўқувчилари, профессионал ва олий таълим муассасалари ўқувчи-талабалари ўртасида биринчи марта ташкил этилди.
Ўтган йил икки мавсум доирасида “Беш ташаббус олимпиадаси” лойиҳаларига жами 11,7 миллион нафар ёш қамраб олинди.
Ўтган давр мобайнида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги лойиҳаларни ташкил этиш жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликлардан келиб чиқиб, мазкур йилда муаммоли вазиятларнинг олдини олишга доир ишлар амалга оширилиши белгиланди.
Жорий йилдан бошлаб “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги лойиҳаларни ўтказишга ҳар бир лойиҳа учун бир ҳафтадан, ўн кунгача бўлган муддат берилмоқда. Сабаби, ўтган йилларда лойиҳаларни ўтказиш оралиғи ҳар куни ёки кунорага тўғри келган. Ушбу ҳолат ёшлар етакчилари томонидан кўчалараро маҳалла босқичини амалда ташкил қилишга улгурмаслик ҳолатини келтириб чиқарган эди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/FhLpj_vk8po" title="“Besh tashabbus olimpiadasi”: Yangi mavsumda yangiliklar koʻp" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Ёшлар етакчиларига лойиҳаларни ўтказиш санасини маҳалла ёшларининг қулай вақтига, жумладан, уларнинг ўқиш ёки ишдан кейинги бўш вақтида ҳам ўтказиш имконияти яратилди. Аввалги мавсумларда лойиҳалар ўтказилиш вақти асосан тушгача ёки тушдан кейинги вақтларга белгиланган. Ўқиш ва ишдаги ёшлар эса лойиҳаларда иштирок этолмаслик ҳолатлари кузатилган. Айнан ёшлар ўртасида ўтказилган сўровномада ҳам аксарият ёшлар кечки вақтда лойиҳа ўтишини хоҳлаб овоз берган.
Ёшларимизга “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги лойиҳаларда иштирок этишлари учун лойиҳалар ўтказиладиган кун ҳам 5tashabbus.uz сайти орқали электрон рўйхатдан ўтиб, танлов ва спорт мусобақаларида иштирок этиш имконияти яратилди. Ўтган мавсумларда лойиҳалар бошланишидан аввал 5tashabbus.uz сайти орқали электрон рўйхатдан ўтиш эълон қилинар эди ва биринчи маҳалла босқичи бошланишидан олдин платформадан рўйхатдан ўтиш ёпилар эди. Бу эса лойиҳалар ўтаётган кун бирор сабаб билан электрон рўйхатдан ўтишга улгурмаган ёшлар иштирокини чеклаб қўярди ва ёшларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт мусобақаларини ўтказиш учун республикамизнинг барча маҳаллаларига 2 тадан футбол, волейбол ва баскетбол коптоклари ва 4 тадан гимнастрада ҳалқалари етказиб берилди. Илгари маҳаллаларда лойиҳаларни ўтказиш учун спорт жиҳозлари етишмаслиги, бу эса ўз навбатида лойиҳаларнинг маҳалла босқичи амалда ташкил этилмаслигига асосий сабаблардан бири бўлган.
Жорий йилги “Беш ташаббус олимпиадаси” маҳалла ёшлари ўртасида март-декабрь ойларида 26 та лойиҳа бўйича ўтказилади. 8 та лойиҳа бўйича сентябрь-ноябрь ойларида мактаб ўқувчилари ўртасида ташкил этилади. Профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида 5 та лойиҳа бўйича сентябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтса, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида 5 та лойиҳа сентябрь-ноябрь ойларида ўтказилади. Илк маротаба вазирлик, идора ва ташкилот ходимлари ўртасида 6 та лойиҳа бўйича ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтади.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги танлов ва спорт мусобақаларига электрон платформадан рўйхатдан ўтиш жорий йил 10 февраль санасидан бошланди. Лойиҳаларнинг маҳалла босқичига 1 март санасидан старт берилади.
Гулноза Бобоева, Аброр Собиров (видео), ЎзА