«Беш ташаббус олимпиадаси» – истеъдодларни кашф этиш майдони
Бундан беш ой муқаддам пойтахтимиздаги «Универсал» спорт саройида «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг 2024 йилги мавсумига расман старт берилганди. Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб маҳалла ёшлари ўртасида 26 та спорт мусобақалари ва танловлари тизимли тарзда ўтказилмоқда.
Аҳолини, айниқса, баркамол авлод вакилларини оммавий спортга кенг жалб этиш ва истеъдодли ёшларни кашф қилиш мақсадида «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида бу йилги мавсумда маданият ва санъат йўналишида «Бўзатов ёшлар овози» ва «Ёш мусаввир», спорт йўналишида енгил атлетика, стол тенниси, мини-футбол, футбол, армрестлинг, волейбол, стритбол, кураш, шашка, шахмат, гимнастрада ва «Беш ташаббус паралимпиадаси» баҳслари ташкил этилмоқда.
Шунингдек, компьютер технологиялари ва IT йўналишида киберспорт, китобхонлик ва интеллектуал ўйинлар йўналишида «Ёш китобхон», «Ёш китобхон оила», «Мушоира», «Заковат», «Ибрат» чет тиллари, касблар танлови йўналишида новвойчилик, ёш қурувчи, дизайнерлик ва пайванд устаси каби танлов ва спорт мусобақалари орқали маҳоратлилар сараланмоқда.
Куни кеча маҳалла ёшлари ўртасидаги «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида спортнинг гимнастрада тури бўйича мусобақаларнинг биринчи босқичи якунланди. Спорт вазирлиги маълумотига кўра, республика бўйича жами 260 минг 660 нафар 14-30 ёшдаги спортчи ёшлар маҳаллалар тизимидаги гимнастрада мусобақаларида ўз омадларини синовдан ўтказди.
Ўтказилган гимнастрада мусобақалари ва иштирокчилар сони сарҳисобига кўра, ҳудудлардаги маҳаллалар кесимида Фарғона вилояти 36 минг 555 нафар, Наманган вилояти 29 минг 281 нафар ва Самарқанд вилояти 26 минг 273 нафар ёшларни қамраб олган ҳолда кучли учталикни эгаллади. Гимнастраданинг ҳудудий босқич мусобақалари сентябрда, республика финал босқичи эса октябрь ойида ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Айни кунларда пойтахтимизда «Беш ташаббус олимпиадаси» тизимида ДХХ кубоги учун футбол ва мини-футбол бўйича ўтаётган республика босқичида 42 та жамоа қатнашаётган бўлса, ушбу спорт турларидаги қамров мамлакатимиздаги 208 та туман ва шаҳардаги 19 минг 698 та маҳалла футбол жамоаларидаги 251 минг 502 нафарни ташкил этди. Кураш бўйича «Бош прокурор кубоги»да 483 мингдан ортиқ, волейбол бўйича "Ички ишлар вазири кубоги"да мамлакатимиздаги 739 минг нафардан ортиқ маҳалланинг навқирон авлод вакилларини соғлом турмуш тарзи билан ошно этаётгани бир тарафу, улар орасидан маҳоратли спортчиларни танлаш, саралаш ва йўналтириш алоҳида аҳамиятга эга.
Шу ўринда айтиш лозим, бугун, 21 августдан эътиборан «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасидаги «Бош прокурор кубоги» мусобақасининг сектор босқич мусобақалари бошланди. 25 августга қадар давом этадиган беллашувлар нафақат спортчилар, балки ихлосмандларга катта спорт байрамини туҳфа этиши билан қадрлидир.
Истеъдодларни кашф этиш майдони бўлган «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг қизиқарли мусобақалари мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик шодиёналари арафасида ва унинг теграсидаги байрам олди тадбирлари билан вобаста кечаётганида ҳам ўзига хос уйқашлик бор, назаримизда. Зеро, эзгу нияту хайрли амаллар улуғ орзуларга қанот бағишлайди, ҳамиша яхшиликларни, юксалишларни бошлаб келаверади.
Т.Рўзиев, ЎзА