“Беш ташаббус олимпиадаси” ғолиблари тақдирланди
Фарғонада “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг вилоятдаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган оммавий спорт мусобақалари якунига етди.
Маълумки, сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, спорт билан шуғулланадиганларнинг сонини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шулар жумласига “Беш ташаббус олимпидаси”нинг спорт мусобақаларини ҳам киритиш мумкин.

Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасида мазкур мусобақанинг вилоят саралаш босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали маросимда вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов сўзга чиқиб, барча ғолибларни табриклади. У мазкур босқичда ўн минг нафардан зиёд талаба иштирок этгани, юртимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, соғлом турмуш тарзини шакллантиришда спортнинг ўрни хусусида гапириб, фарғоналик талабаларга ушбу мусобақаларнинг республика босқичида омадлар тилади.

Шундан сўнг олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Беш ташаббус олимпиадаси” иккинчи мавсуми доирасида ўтказилган вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган талаба ёшларга эсдалик совғалари ва дипломлар топширилди.

– Мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган мазкур кичик олимпиада келажагимиз ворислари ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, йигит-қизларни оммавий спортга жалб этиш ҳамда маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини янада яхшилашда, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Фарғона давлат университети ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Зокиржон Раҳимов. – Ушбу ўзига хос кичик олимпиадада университетимиз талабалари муносиб иштирок этди. Стол тенниси, енгил атлетика, мини-футбол, волейбол, стритбол каби спорт турлари бўйича ўтказилган беллашувларда ёшларимиз юқори ўринларни эгаллади. Бухорода бўлиб ўтадиган якуний босқичда ҳам фарғоналик ёшларимиз яхши натижаларни қайд этишади, деб умид қиламиз.

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири