“Беш ташаббус олимпиадаси” ғолиблари тақдирланди
Нукусда “Беш ташаббус олимпиадаси” иккинчи мавсуми Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, миллий спорт ўйинлари ва спорт турларини оммалаштириш, навқирон авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш, ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсумида барча маҳаллалардан 300 нафардан зиёд ёш иштирок этди. Шундан мамлакатимиз босқичида қорақалпоғистонлик ёшлар спорт мусобақаларида 11 та биринчи, 8 та иккинчи ва 15 та учинчи ўринни қўлга киритди. Кўрик танловлар бўйича якка ва жамоавий йўналишларда 5 нафар ёш фахрли биринчи, 4 нафари иккинчи, 10 нафари учинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.
Тадбирда дастлаб “Беш ташаббус паралимпиадаси” иккинчи мавсуми доирасида ўтказилган “пара шахмат”, “пара шашка”, “пара енгил атлетика”, “пара стол тенниси”, “пара киберспорт” спорт мусобақалари ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Шундан сўнг 16-21, 22-26 ва 27-30 ёш тоифаларида ўғил-қизлар ўртасида миллий кураш, шахмат, шашка, “Street Workout”, енгил атлетика, стол тенниси, волейбол, стритбол, киберспорт турлари бўйича спорт мусобақалари, маҳалла ёшларидан тузилган жамоалар ўртасида “Заковат”, “Қувноқлар ва зукколар”, “Миллий ва замонавий чолғулар” ва рақс танловлари ғолиблари тақдирланди.
[gallery-10146]
Ғолиб ва совринли ўрин эгаларига ташкилотчилар томонидан диплом ва совғалар топширилди.
Тақдирлашда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА