“Беш ташаббус олимпиадаси” ғолиблари финалга чиқди
Маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий спорт ўйинлари ва спорт турларини ёшлар ўртасида оммалаштириш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш мақсадида “Беш ташаббус олимпиадаси” иккинчи мавсуми доирасида маҳалла ёшларидан тузилган жамоалар ўртасида “Заковат”, “Қувноқлар ва зукколар” интеллектуал ўйинлари, “Ёшлар рақс” фестивали, “Ёш китобхон”, “Миллий ва замонавий чолғу ижрочилиги” кўрик-танловлари, шунингдек, спортнинг шахмат-шашка, “Street Workout”, енгил атлетика, стол тенниси, волейбол, стритбол, миллий кураш, киберспорт турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.
– “Беш ташаббус олимпиадаси” иккинчи мавсум доирасидаги танлов ва спорт мусобақаларининг маҳалла босқичларида иштирок этиш учун вилоят бўйича 738 минг 463 нафар ёшлар онлайн рўйхатдан ўтди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Назирахон Убайдуллаева. – Жорий йилнинг 10-30-сентабрь кунлари вилоятдаги 890 та маҳаллада барча йўналишлар бўйича танлов ва спорт мусобақалари юқори кўтаринкилик билан ўтказилди. Биргина шахмат ва шашка бўйича 4 та ёш тоифаси доирасида ўтказилган мусобақаларда 101 минг нафар ёшлар иштирок этиб, ўзларининг билим ва маҳоратини синовдан ўтказди.
[gallery-9623]
Танлов ва спорт мусобақаларининг сектор, туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 1 минг 420 нафар ёшлар вилоят босқичида иштирок этди. Қизиқарли баҳслар остида ўтган “Беш ташаббус олимпиадаси” иккинчи мавсум вилоят босқичи спорт мусобақалари якунига етди.
Якуний натижаларга кўра, спортнинг стол тенниси, шахмат-шашка, волейбол, енгил атлетика, стритбол, миллий кураш, киберспорт ва воркоут турлари бўйича ёш тоифаси ва жамоалар таркибида 377 нафар иштирокчи республика босқичида қатнашиш йўлланмасини қўлга киритди.
– Жамоамиз билан киберспорт мусобақасида қатнашдик, – дейди Пахтаобод тумани “Муаззинбой” маҳалласи жамоаси аъзоси Бекзодбек Ғуломов. – Мусобақада қатнашиб, имкониятларимизни синовдан ўтказдик, киберспортга оид кўп нарсаларни ўргандик, тажриба оширдик. Ўрганганларимиз келгусида ўзимиз танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлишда албатта, бизга ёрдам беради. Шу кунларда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида маҳалла ёшларидан тузилган жамоалар ўртасида “Заковат”, “Қувноқлар ва зукколар” интеллектуал ўйинлари, “Ёшлар рақс” фестивали, “Ёш китобхон”, “Миллий ва замонавий чолғу ижрочилиги” кўрик-танловларининг вилоят босқичлари ўтказилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА.