Беш ташаббус олимпиадаси: Энг кучли гандбол жамоалари Тошкентда аниқланади
Бугун, 9 сентябрь куни пойтахтимизда “Беш ташаббус олимпиадаси” ўйинлари доирасида гандбол бўйича эркаклар жамоалари ўртасида “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси кубоги”нинг республика босқичи финал баҳсларининг гуруҳ босқичидаги ўйинлар бошланди.
Кеча мусобақа учун ташланган қуръа натижаларига кўра, ҳудудий босқичларда ғолибликка эришган 14 та жамоа 4 та гуруҳга тақсимланди.

Қуръа ташлаш маросимида иштирок этган Ўзбекистон гандбол федерацияси бош котиби Исмоил Матхолиқов ўйинларнинг аҳамияти хусусида тўхталиб, “Беш ташаббус олимпиадаси” иқтидорли ёшларни аниқлаш, юқори натижага эришган мураббий мутахассисларнинг иш тизимини оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлади.

Эркаклар жамоалари ўртасидаги дастлабки ўйинда “А” гуруҳидан жой олган Фарғона ва Андижон жамоалари куч синашди.
Кескин ва муросасиз кечган баҳсда Фарғона жамоаси 19:8 ҳисобида ғалаба қозонди.
Бугун шунингдек, кун давомида тўртта гуруҳдаги 11 та жуфтлик ўртасидаги мусобақалар бўлиб ўтади.
“Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси кубоги” баҳслари 12 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА