Берунийда товламачилик ҳолати фош этилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани бўлими томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда товламачилик ҳолати фош этилди.
Жумладан, фуқаролар Д.А. ва А.Ю. фуқаро М.Х.нинг “U.Z.” оилавий корхонасига тегишли савдо дўконида чек бермаганлиги ҳолати бўйича “Soliq” иловаси орқали ариза бермаслигини айтиб, 3 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Бундан ташқари, Д.А. туманда фаолият кўрсатувчи 3 та тадбиркордан чек бермаганлик ҳолати бўйича “Soliq” иловаси орқали ариза бермаслиги эвазига улардан турли миқдордаги пулни товламачилик йўли билан қўлга киритиб келаётганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири