
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган “Саломатлик ойи” акцияси доирасида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Кўп тармоқли марказий поликлиникада аҳоли учун чуқурлаштирилган бепул тиббий кўрик ташкил этилди.
“Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида ўтган тадбирда республика ва вилоят даражасидаги 14 йўналишдаги тор доирадаги мутахассислар маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорликда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатди.
Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Мурод Кўпайсиновнинг таъкидлашича, фақат ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам эмас, балки турли ёш ва ижтимоий тоифаларга мансуб фуқаролар ҳам кўрикдан ўтказилди. Ташхис натижаларига кўра, бўғим муаммоси аниқланган 3 нафар бемор шаҳар тиббиёт бирлашмасига, юқори технологияли ташхис ва жарроҳлик амалиёти талаб этувчи 2 нафар коксартроз ташхиси қўйилган бемор Гулистон тиббиёт кластерига, юрак ишемик касаллиги аниқланган бир бемор эса стационар даволаниш учун шаҳар шифохонасига йўналтирилди.
[gallery-23472]
– Кўрик давомида жарроҳлик аралашувини талаб этувчи бир қатор мураккаб ҳолатларга дуч келдик, – дейди Республика Миллий тиббиёт маркази жарроҳи Беҳзод Мамиров. – Уларнинг баъзилари маҳаллий шифохоналарда ҳал этилиши мумкин бўлса, айрим ҳолатларда марказий муассасалардаги замонавий асбоб-ускуналар ёрдами зарур. Бундай тиббий акциялар нафақат аҳолига, балки ҳудудий шифокорларга ҳам тажриба алмашиш ва билимларини ошириш имконини беради.
Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий марказининг олий тоифали шифокори, нефролог Шерали Тошпўлатов эса бу каби ташаббусларнинг аҳамиятини қуйидагича ифода этди:
– Кенг қамровли тиббий кўриклар орқали аҳолининг умумий саломатлик ҳолатини чуқур таҳлил қилиш имкони пайдо бўлади. Айниқса, буйрак хасталиклари каби сурункали касалликларни эрта босқичда аниқлаш даволаш самарадорлигини сезиларли оширади. Тадбир давомида бир неча беморда буйрак фаолиятидаги ўзгаришлар кузатилиб, улар шошилинч равишда ихтисослаштирилган марказларга йўналтирилди. Бу ҳолат профилактик чора-тадбирларни янада кучайтириш зарурлигини тақоза қилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/u2DwchHKJzI?si=53Xl87_b2Pe38e4n" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари