Беморларнинг пойтахтга боришига ҳожат қолмади
Қашқадарёдаги кўп тармоқли тиббиёт марказида мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Вилоятда шу кунга қадар простата бези аденомаси хасталиги билан оғриган беморлар хусусий клиникалар ёки пойтахтдаги шифохоналарда жарроҳлик амалиётини ўтказишар эди. Эндиликда бундай беморлар вилоятнинг ўзида даволаниши мумкин.
Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида урология бўлимига резектоскоп аппарати харид қилиниб, ушбу аппарат ва эндоскопик стойкаси ёрдамида марказда “Трансуретрал резекция Аденома” жарроҳлик амалиётини ўтказиш йулга қўйилди. Жорий йил 29 сентябрь куни биринчи жарроҳлик амалиёти бажарилди ва амалиёт муваффақиятли ўтди.

– Марказдаги урология бўлимида юқори технологик операцияларни йўлга қўйиш босқичма босқич амалга ошириб келинмоқда, – дейди урология бўлими бошлиғи Ориф Қосимов.
– Бўлимга Германиянинг “Карл Шторз” фирмасининг лапароскопия операциялари учун видео устун олиб келиниб лапараскопия операциялари йўлга қўйилган эди.
Шу видео устунга яқинда Германиядан “Транс уретрал резекция аденома простата” операцияси учун “Резиктоскоп жамланма” жиҳози харид қилинди. Ҳозирда юқори технологик эндоурологик “Транс уретрал резекция аденома простата” операцияси йўлга қўйилди.
Бу орқали ҳозирда хусусий клиникаларда ёки Тошкент шаҳрида операция қилдиришга муҳтож бўлган “Простата бези аденомаси” хасталиги билан оғриган беморларга бўлимнинг ўзида юқори технологик ёрдам кўрсатилмоқда. Келажакда марказимизда беморлар учун Республика миқёсида бажариладиган бошқа жарроҳлик амалиётларини ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Ўлмас Баротов, ЎзА