Беморларда юрак мароми бузилишининг олди олинмоқда
Тиббиётдаги янгиликлар, жаҳон шифокорларининг илму амалиёт ютуқлари ва улар ўртасидаги тажрибалар алмашинуви натижасида кўплаб касалликлар ҳамда бевақт ўлимнинг олди олинмоқда. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалининг бу борадаги фаолияти эътиборга молик. Филиал шифокорларининг навбатдаги ҳамкори Грузиядан ташриф буюрган дунёга машҳур тиббиётчи бўлди.
Роин Реквава – тиббиёт фанлари доктори, Грузиядаги “American hospital” клиникаси юрак аритмияси кичикинвазив жарроҳлиги бўлими мудири. Айни пайтда Қозоғистондаги Олма-ота ички касалликлар илмий-амалий тиббиёт клиникаси профессоридир. Изланувчан олим-шифокорнинг Америка Қўшма Штатларидаги Атланта кардио-аритмология институти битирувчиси, Буюк Ипак йўли давлатлари аритмологлари ассоциацияси раиси эканини ҳам алоҳида таъкидламоқ жоиз.
Дастлаб вилоят кардиология маркази анжуманлар залида марказ мутахассислари билан меҳмонни таништирув тадбири ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Ғ. Муродхўжаев сўзга чиқиб, мамлакатимиз тиббиёти ривожида жаҳон тиббиётчилари ҳамкорлиги, ўзаро тажриба алмашиши муҳим аҳамиятга эга эканини эътироф этди. Хорижлик мутахассиснинг маҳорат сабоғи беморларни юқори самарали ва сифатли даволашга эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишига қаътий ишонч билдирди.
Вилоят кардиология маркази бош шифокори С. Мўминов филиал фаолияти билан таништирди. Қизғин савол-жавоблар юрак хасталикларини энг янги юқори технологик амалиётлар орқали даволашга бағишланди. Профессор марказ врачларининг ўз соҳалари бўйича бажараётган даволаш усулларига, илм-фан ютуқларини дадил қўллашдаги фаолликларига юксак баҳо берди. Мароқли мулоқот якунида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
[gallery-5412]
Одатга кўра, меҳмон эгнига шифокорлик халатини кийгач, палаталарга кириб, йигирмага яқин хастаҳол ётганларни тиббий кузатувдан ўтказди, зарур чоғда ҳамкасбларига қимматли тавсиялар, беморларга фойдали маслаҳатлар берди.
Куннинг иккинчи ярмидан бошланган жарроҳлик амалиётлари алламаҳалгача давом этди. 5 нафар дардманд грузин мутахассисининг сеҳрли қўллари шарофатидан йиллаб қийналиб юрган муаммосидан қутулди.
Чунончи, ўн уч ёшли Саидмуҳаммад Собитхоновда юрак ичи электрофизиологик текшируви ва томирдаги тугун ортодром тахикардияси радиочастотали абляцияси муваффақиятли якунланди. Қирқ етти ёшли Муҳаррам Маматхонова, ўттиз тўққиз ёшли Машҳура Мухторова, йигирма олти ёшли Дилфуза Усмонова, ўн тўққиз ёшли Қобилжон Абдураимовда ҳам худди шундай жарроҳлик амалиётлари моҳирона бажарилди.
Юқорида, ҳар бир беморнинг ёши аниқ келтириб ўтилгани, беморларнинг кекса эмаслигини таъкидлашдир. Бундан кўриниб, турибдики, инфаркт ва бошқа инсон умрига нуқта қўювчи юрак хасталикларининг ёшаруви бугунги кардио-жарроҳларни ташвишга солибгина қўймай, тезда сўнгги энг мақбул чораларни қўллашга мажбур этмоқда.
Хорижлик мутахассиснинг ҳамкорлиги самарасида Намангандаги марказнинг рентгенэндовакульяр хирургия бўлимида интервенцион кардиологлар деярли жароҳатсиз жарроҳлик амалиётлари малакасини янада мукаммаллаштириш имкониятига эга бўлди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА