Бемор болаларга байрам туҳфаси улашилди
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига борди ва шифохонадаги 50 нафардан зиёд бемор болажонни байрам билан табриклади ҳамда уларга совғалар улашди.
Шунингдек, марказда бемор болаларнинг даволаниши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Жумладан, марказнинг онкология ва гематология бўлимида бўлиб, палаталарда ётиб даволанаётган бемор болажонларни ҳам шахсан ўзи бориб байрам билан табриклади, совғалар берди.
Бундай эътибор ва ғамхўрликдан ҳурсанд бўлган болажонларнинг яқинлари миннатдор бўлишди.
– Қизалоғим оғир касал, шу шифохонада тез-тез даволатиб турамиз, – дейди касбилик Ирода Файзиева. – Мана, бугун болалар байрамига ҳам чиқа олмадик. Лекин барака топишсин, вилоят ҳокимимиз бошчилигидаги раҳбарлар олдимизга келиб, ҳолимиздан хабар олиб, фарзандимга ҳам совғалар улашиб, табриклади. Бундан бағоятда хурсанд бўлдик.
Қайд этиш лозимки, марказда даволанувчилар учун қулай шарт-шароит яратиш борасида кейинги йилларда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, марказда замонавий, барча қулайликка эга автотураргоҳ, кутиш зали ва фаолият бошлаган қўшимча бўлимлар беморлар ва уларнинг яқинлари хизматида.
Хусусан, ўтган йили марказда фаолият бошлаган кардиология бўлими юрагида нуқсони бор бемор болажонлар учун ҳам ҳақиқий туҳфа бўлди. Шу кунга қадар болаларда юрак нуқсони билан боғлиқ юқори технологик жарроҳлик амалиётлари пойтахтда ва хориждаги клиникаларда ўтказилган ва бу беморларнинг яқинларига жуда қимматга тушган.
Эндиликда марказнинг ўзида хорижнинг нуфузли клиникаларида тажриба орттирган профессионал мутахассислар иштирокида бундай операциялар амалга оширилмоқда.
[gallery-17661]
Маълумот ўрнида: вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази 1978 йилда ташкил этилган бўлиб, марказ 465 ўринга мўлжалланган 17 та даволаш бўлими, маслаҳат поликлиникаси ва чақирилувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўлими ҳамда бошқа ёрдамчи бўлимлар фаолият кўрсатади. Вилоятдаги 1 миллион 200 минг нафардан ортиқ 0-18 ёшли болага тиббий даволаш ва профилактик ёрдам кўрсатади. Марказда 148 нафар олий тоифали шифокор ва 600 нафарга яқин хамшира фаолият олиб боради.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари