Bелошоссе бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди
Жиззах вилоятида велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича 2005-2006 йилда туғилган ўсмирлар, қизлар, 2007-2008 йилда туғилган кичик ёшдаги ўсмирлар, қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби ҳамда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси томонидан ташкил этилган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри терма жамоалари иштирок этди.

Турнирнинг илк босқичида яккалик пойгада 15 километр масофага кечган баҳсда кичик ёшдаги қизлар ўртасида Самира Исмоилова, кичик ёшдаги ўсмирлар ўртасида Нурсултан Турсунов, қизлар ўртасида Асал Ризаева ғалаба қозонди. Жамоавий пойгада эса Тошкент вилояти Чирчиқ Олимпия заҳиралари коллежи жамоасига омад кулиб боқди ва биринчи ўринни эгаллади.
Яккалик пойгада 20 километр масофага кечган баҳсда ўсмирлар ўртасида Диёр Тоҳиров ғолибликни қўлга киритди. Жуфтлик пойгада кичик ёшдаги қизлар ҳамда қизлар ўртасидаги беллашувда Динамо миллий гвардия жамоалари биринчиликни эгаллади. Жамоавий пойгада кичик ёшдаги ўсмирлар ўртасидаги баҳсда ҳам Динамо миллий гвардия жамоасига омад кулиб боқди ва биринчи ўринга сазовор бўлди.

Гуруҳ пойгада 15 километр масофага кечган баҳсда эса кичик ёшдаги қизлар ўртасида Динамо миллий гвардия жамоаси аъзоси Самира Исмаилова ғолибликни қўлга киритди. Самарқанд вилояти велоспортчиси Яна Мишинова иккинчи, Жиззах олимпия заҳиралари коллежи ўқувчиси Нозима Эгамбердиева учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиблар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА