Беллашувлар юқори савияда ўтказилди
Мамлакатимизда ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг жисмоний ва маънавий баркамол авлод бўлиб улғайишини таъминлаш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда Олимпия захирасини шакллантириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақалари юртимиз бўйлаб жадал суръатларда ўтказилмоқда.
Янгиер шаҳар болалар-ўсмирлар спорт мактабида ушбу мусобақанинг таэквондо (WT) спорт тури бўйича минтақавий босқич баҳслари бўлиб ўтди. Унда Ховос, Боёвут туманлари, Ширин ва Янгиер шаҳарларидан сараланган ёш спортчилар ғолиблик учун беллашишди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Янгиер шаҳар ҳокими Отабек Носиров, Сирдарё вилояти Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг Сирдарё вилояти бўлими ижрочи директори Баҳодирхўжа Эшонов, Ўзбекистон Таэквондо (WT) ассоциациясининг ҳудудий бўлимлари учун масъул Ҳусниддин Хўжамқулов, тегишли ташкилотлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, спортчи ва мураббийлар иштирок этишди.

Мусобақада иштирок этган спортчилар 10 та вазн тоифасида “Спорт мактаблари” ва “Спорт клублари” жамоалари таркибида куч синашдилар. Беллашувлар юқори савияда, мусобақа талаблари ва меъёрларига мувофиқ тарзда ташкил этилди. Ёш таэквондочилар ўзларининг юқори тайёргарлик даражаси, техник маҳорати ва ирода-шижоатларини намоён этишди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор спортчилар тантанали равишда медаллар, дипломлар ҳамда спорт формалари билан тақдирландилар. Шунингдек, улар “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларининг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланмаларни қўлга киритишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири