Белградда Парламентлараро иттифоқ парламентларининг аёл аъзолари глобал конференцияси ўтказилмоқда
Сербия Республикаси парламенти – Халқ Скупщинаси таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Сербияда бўлиб турибди.
Расмий ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Сербиянинг Белград шаҳрида ўтказилаётган Парламентлараро иттифоқ (ПИ) парламентларининг аёл аъзолари глобал конференциясида иштирок этмоқда.

Конференцияда парламентлар делегациялари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар, 65 давлатдан 400 дан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда.
Глобал конференциянинг очилиш маросимини Парламентлараро иттифоқ Президенти Тулия Эксон очиб берди ва мазкур халқаро анжуманнинг аҳамияти, аёллар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг қанчалик долзарб эканига тўхталиб ўтди.
Глобал конференциянинг 1-сессиясида Сенат Раиси Т.Норбоева маъруза билан иштирок этади.

Ташриф доирасида бир қатор расмий учрашувлар ҳамда глобал форум майдонида икки томонлама мулоқотлар ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумот учун: Парламентлараро иттифоқ (ПИ) аёл парламент аъзолари глобал конференцияси – дунё мамлакатлари парламентларида фаолият юритувчи аёл депутатлар учун ташкил этиладиган йирик халқаро мулоқот майдонидир.
Конференциянинг асосий мақсади гендер тенглигини таъминлаш, аёлларнинг сиёсий қарорлар қабул қилишдаги иштирокини кенгайтириш ва парламентларда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тажриба алмашишдан иборат
Норгул Абдураимова,
ЎзА мухбири
(Белград, Сербия)