Белбоғли курашчилар Хивада беллашди
Хабарингиз бор, ўтган ҳафтанинг сўнгги кунларида Хивадаги "Ичан қалъа" тарихий мажмуасида Халқаро этноспорт фестивали бўлиб ўтди. Мазкур фестивал доирасида бир қатор спорт турлари, жумладан, белбоғли кураш бўйича эркаклар ўртасида бешта вазн тоифасида халқаро турнир ўтказилди.
Халқаро турнирда 10 дан ортиқ давлатларнинг номдор полвонлари ғолиблик учун кураш олиб борди.

Шиддатли беллашувларга бой тарзда кечган нуфузли мусобақада ҳамюртларимиздан Нусрат Юлдошев ва Оғабек Аматбоев, Туркманистон вакилларидан Аннагурбан Аллабердиев ва Нобатгелди Назаров, қозоғистонлик Нурсултон Кузагелди улу ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, Тожикистон, Россия, Озарбайжон, Қирғизистон, Беларусь давлатларининг спортчилари совриндорлар қаторидан жой олди.

Турнир доирасида Жаҳон белбоғли кураш ассоциациясининг навбатдаги конгресси ташкил этилди. Унда Озарбайжон, Литва, Туркманистон, Тожикистон,Қозоғистон, Қирғизистон, Италия, Испания, Россия, Ўзбекистон, Ҳиндистон, Эрон, АҚШ, Швеция, Жанубий Корея, Япония, Хитой, Грузия, Исроил, Монголия, Эстония ҳамда Латвия белбоғли кураш федерацияси раҳбарларига аъзолик сертификатлари топширилди.

Конгресс сўнггида Америка Қўшма Штатлари белбоғли кураш федерацияси вакили, Тошкент-Сиэтл ҳамдўстлик шаҳарлари ассоциацияси раиси Лола Захарова ва Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниев, тегишли ташкилот мутасаддилари иштирокида АҚШда белбоғли курашни оммалаштириш борасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Т. Рўзиев,
ЎзА мухбири