Беларуслик шифокорлардан маҳорат дарслари
Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида Беларусь Республикасидан ташриф буюрган тажрибали мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилмоқда.
Бир ҳафта давом этадиган ушбу амалий семинар доирасида неонатология ва анестезиология соҳасидаги энг сўнгги ёндашувлар, замонавий технологиялар ҳамда даволаш усуллари бўйича ўзаро тажрибалар алмашилади.

Беларусь она ва бола саломатлиги илмий-амалий маркази билан тузилган ҳамкорлик меморандуми асосида ташкил этилган тадбирда вилоят она ва бола саломатлиги шифохонаси мутахассислари билан бир қаторда шаҳар, туманлардаги туғруқ комплекслари шифокорлари ҳам иштирок этмоқда. Бу эса семинарнинг қамровини кенгайтириб, ҳудудларда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Маҳорат дарсларини олиб бораётган ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ўн йилдан буён самарали ҳамкорлик қилиб келаётган хорижлик тиббиёт олимлари юртимиздаги туғруқ шифохоналарида яратилган замонавий шароитлар, тиббиёт муассасаларининг техник жиҳозланиши ва мутахассислар салоҳияти юқори баҳога лойиқ эканлигини эътироф этди. Бундай амалий учрашувлар икки давлат тиббиёти ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро билим алмашинуви учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.

Семинарда хорижлик мутахассислар нафақат назарий машғулотлар ўташ, балки филиалда амалга оширилаётган жарроҳлик амалиётлари ва мураккаб даволаш жараёнларида ҳам бевосита иштирок этмоқда. Бу эса маҳаллий шифокорларга янги ёндашувларни амалиётда кўриш ва замонавий тиббий технологияларни қўллаш кўникмаларини бойитиш имконини беради.
– Халқаро ҳамкорлик доирасидаги амалий анжуманлар мутахассислар малакасини ошириш, оғир клиник ҳолатларда замонавий ёндашувларни жорий қилиш ҳамда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш борасида юқори натижаларга эришишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори Райхона Даминова. – Тиббиёт соҳасида халқаро тажрибани ўрганиш ва уни амалиётга татбиқ этиш, айниқса, неонатология ва реаниматология каби масъулиятли йўналишларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янада оширишга туртки беради.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА