Бекободда қанча мактаб директорининг дипломи сохта?
Бугун жаҳон ҳамжамияти глобал иқлим ўзгариши ва коронавирус пандемияси инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан эканини тан олмоқда.
Бугун жаҳон ҳамжамияти глобал иқлим ўзгариши ва коронавирус пандемияси инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан эканини тан олмоқда.
Дарҳақиқат, иқлим ўзгариши ҳамда касаллик эволюцияси инсоният тарихида олдиндан айтиб бўлмайдиган элементлар бўлиб келган. Бироқ олимларнинг таъкидлашича, инсонларнинг атроф-муҳитга антропоген таъсири Эбола, парранда гриппи, СОVID-19 каби касалликларнинг кенг тарқалишига сабабчи бўлмоқда...
"Халқ сўзи" газетасида эълон қилинган "Глобал иқлим ўзгаришлари пандемияга сабаб бўлдими?" сарлавҳали мақолада айни шу мавзу қаламга олинган. Унда қайд этилишича, карантин шароитида дунё мамлакатлари ўртасида ҳаво ва ер транспорти алоқалари, шунингдек, мамлакатларнинг ичида автомобиль, темир йўл ҳамда авиатранспорт қатнови кескин камайгани натижасида двигателлардан атмосферага чиқаётган ис газлари миқдори сезиларли даражада камайди. Натижада атмосферанинг кейинги 30 — 40 йил ичида ҳосил бўлган ифлосланиш даражаси пасаяётганлиги кузатилди. Қолаверса, коронавирус инсонларни яшаш тарзини ўзгартириш бўйича мажбурий экспериментдан ўтказди...
Ер, сув ва қуёш... Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар Остоновнинг "Янги Ўзбекистон" газетасида шу сарлавҳа остида мақоласи чоп этилган. Унда ёзилишича, ушбу уч бебаҳо неъмат ҳаммага ҳам бир хил берилмаган. Аммо буни баъзан англаб, баъзан англамаётганга ўхшаймиз... Аслида-ку, ўқиганмиз, эшитганмиз, кўрганмиз, биламиз, Ер шарининг ҳар ҳудуди ўзига хос, иқлимию табиий имкониятларигача турли-туман. Қайси бир юрт одамлари тупроқли, унумдор ерга, қайси бири сувга зор ёки қаерлардадир қуёш йилнинг саноқли кунларидагина юз кўрсатади...
Бироқ, муаллифнинг фикрича, Ўзбекистонимиздан Яратган ўз марҳаматини аямаган, сахий еримиз, катта-кичик дарёларимиз бор, доим порлаб турувчи қуёшимиз бор. Бу уч неъмат, уч қудратли имконият, кўпларнинг ҳавасини келтиради. Одамларнинг ҳаёти, турмуши, бойлиги, давлатларнинг иқтисодий қуввати ҳам кўп жиҳатдан ана шу уч неъматга боғлиқ, десак хато бўлмайди. Аммо Яратганнинг ўзи берган бу имкониятлардан қандай фойдаланяпмиз? Бу савол — бош савол, катта савол, оғриқли савол...
"Маърифат" газетасида берилган “Калаванинг учи қаерда?.." сарлавҳали материалда Бекободдаги айрим мактаб ўқитувчилари сохта диплом билан ишлаётгани ҳақида сўз юритилган. Мақола муаллифи, ушбу тумандаги 10-мактаб директори Абдусалом Сатторовнинг таъкидлашича, Бекобод туманидаги 58 та мактаб директорларидан айримларининг дипломи сохта. Яъни, ёпилиб кетган Тошкент вилоят (Ангрен) давлат педагогика институти ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети дипломлари сотиб олинган!.. “Ўқитувчида иш режа ва конспект бўлмаса...” номли материалда эса мактабларда кўпгина ҳужжатлар қатори конспект ёзиш ҳам бекор қилиниб, аксарият ўқитувчилар буни мамнуният билан қабул қилишгани, аммо иш режа ва конспект зарур, деган фикрда қатьий турган муаллимлар ҳам борлиги қайд этилган. Мақола муаллифи --- Риштон туманидаги 21-мактаб ўқитувчиси Элёржон Маҳкамов ҳам шундай устозлардан бири. Мақолада у ўз фикрини асослаган ва ҳимоя қилган...
"Hurriyat'' газетасида "Адолат тарозисининг посангиси ёки янги тартиб: кимга “аза”, кимга “мазза”ми?" номли мақола босилган. Материалда келтирилишича, ҳаммамизга яхши маълумки, ДТМ томонидан ўтган йилдан бошлаб иккинчи ва ундан кўп бора олий таълим муассасасига ҳужжат топшираётган абитуриентлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида тўлов тўлаши белгиланган. Масала бир қарашда анча самарали кўринади: яъни давлат бюджетидан ҳар йили тест жараёнларига сарфланадиган маблағ бошқа йўналишга ажратилади, тўлов жорий этиш орқали “таваккалчилар” сафи қисқаради, ДТМ жамғарма ҳисобидан ўзини молиялаштиради. Мутасаддилар таъкидлашганидек, замонавий технологиялар олиб келинади, мутахассислар чет элда малака оширади. Бу — яхши ўзгаришлар бўлади, дегани. Бироқ масаланинг “лекин”и ҳам бор...
... "Одамзод ўқ-ёй ясай бошлагандан буён сўзни қурол сифатида ишлатиб келади, – дейилади "Фарғона ҳақиқати" газетасида чоп этилган "Сўз қурол эмас, тумор ёки ваҳима инсон иммунитетини пасайтиришини биласизми?" номли мақолада. – Ҳа, ўқдан ҳам кучлироқ бўлган сўз инсоннинг қудрат ва қуввати нечоғлик даражада эканини исботлай олади..." Мақола муаллифи Маъмура Абдураҳимованинг ёзишича, арзимаган гап-сўз келинни кўч кўтаришга мажбур қилган. Эмишки, қайнонаси унга электр, газ, сувни тежаш ҳақида аччиқ-чучук, кесатиқ гап айтармиш. Ёки яхши кўрган йигити бир гап айтибдимиш, қиз уйга келиб “Димедрол” таблеткасидан бир нечтасини ичиб ўз жонига қасд қилмоқчи бўлибди. Жонлантириш бўлими эшиги олдида зор йиғлаётган онанинг гапи очиқ ярага туз сепгандек: «Қизимга ҳеч ким қаттиқ гапирмаган, тўғриси, гап кўтаролмайди. Ҳар доим дадаси уни фақат эркалатарди»...
***
Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.