English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Беҳбудийнинг тил масаласидаги қарашлари қандай эди?

Тил масаласи ҳар доим миллатнинг энг нозик нуқталаридан бири бўлиб келган. ХХ аср бошида Туркистонда бу масала айниқса кескин тус олди.

Бир томондан, тилимизда араб ва форс сўзлари шу қадар кўпайиб кетган эдики, оддий халқ зиёлиларнинг гапини тушунмай қоларди. Иккинчи томондан, тилни буткул тозалашга уринувчилар (софлик тарафдорлари) пайдо бўлиб, барча чет сўзларни чиқариб ташлашни таклиф қилардилар. Маҳмудхўжа Беҳбудий бу баҳсларда ўзининг узоқни кўзлаган стратегияси – “Тил дипломатияси” билан майдонга чиқди. Унинг “Тил масаласи” мақоласи бугунги кун тилшунослиги учун ҳам дастуриламал бўлиб хизмат қиладиган мукаммал қарашлар тизими эди.

Беҳбудий вазиятни чуқур таҳлил қилар экан, тилнинг ижтимоий воқелик эканини унутмади. Ўша даврда “Садои Туркистон” газетаси ва баъзи зиёлилар (масалан, А.Музаффар) тилни “араб ва форс асоратидан” бутунлай тозалаш ғоясини илгари суришарди. Улар ҳатто “меҳмон” сўзини “қўноқ”, “Туркистон” сўзини “Турк эли” деб ўзгартиришни таклиф қилишган. Беҳбудий бу ёндашувнинг хато ва амалга ошмас хаёл эканини ўткир мантиқ билан исботлайди. У шундай ёзади: “Баъзи афандилар меҳмонни “қўноқ” дейилсун деб таклиф этарлар... Ҳолбуки, бу ижроси мумкин эмас, қуруқ хаёли фосидгинадур”. Унинг фикрича, минг йиллар давомида тилимизга сингиб кетган, халқнинг қони ва жонига айланган сўзларни сунъий равишда чиқариб ташлаш – тилни қашшоқлаштириш ва уни халқдан узоқлаштириш демакдир.

Беҳбудий “ўрта йўл”ни танлади. У араб ва форс сўзларини бутунлай инкор этмади, лекин уларни меъёрида ишлатиш тарафдори эди. Унинг формуласи оддий ва доҳиёна эди: агар сўзнинг туркча муқобили халқ тилида тирик бўлса, албатта ўшани ишлатиш керак. Аммо, агар “мактаб”, “мадраса”, “қалам”, “сиёсат” каби сўзлар аллақачон тилимизнинг органига айланган бўлса, уларни мажбуран “ўқиш уйи” ёки бошқа ясама сўзлар билан алмаштириш шарт эмас. Беҳбудийнинг таъкидлашича: “Тилимиздан форсий ва арабийни қувайлук”, бу кўб енгил орзу, аммо ижроси мумкин эмас орзулардандур”. У ҳатто географияга эътибор қаратади: Тошкент, Фарғона, Самарқанд каби шаҳарларда форс тилининг таъсири кучли эканлиги, бу тарихий воқеликни инкор этиш эмас, балки уни қабул қилиб, шу асосда адабий тилни шакллантириш кераклигини уқтиради.

Энг муҳими, Беҳбудий тилнинг асосий вазифаси – билим ва фанни ташиш эканини англаган эди. У Қозон татарлари ва Кавказ мусулмонлари матбуотини мисол келтириб, уларнинг тили йилдан-йилга “кўча тили”дан узоқлашиб, адабий ва илмий тилга айланиб бораётганини олқишлайди. Унинг фикрича, “содда тил” дегани бу ҳамма тушунадиган жўн тил дегани эмас. Илм-фан, фалсафа ва сиёсат ҳақида ёзилганда тил табиий равишда мураккаблашади ва бойийди. “Илмий ва фанний китобларни сирф авом тилиға ёзмоқ мумкин эмасдур”, дейди у. Агар биз дунё фанини ўрганмоқчи бўлсак, халқаро атамаларни (масалан, “театр”, “банк”, “телеграф”) қабул қилишимиз ва уларни ўз тилимиз қолипига мослашимиз зарур.

Беҳбудийнинг тил борасидаги қарашлари бугунги Ўзбекистоннинг давлат тили сиёсати билан ҳамоҳангдир. Биз ҳам тилимиз софлигини сақлашга интиламиз, лекин жаҳон илм-фанидан узилиб қолмаслик учун халқаро атамаларни қабул қиламиз. Беҳбудий юз йил олдин айтган ҳақиқатлар ҳануз долзарб. У миллатга шуни ўргатдики, ўзликни англаш бошқа маданиятлардан девор билан ажралиб олишда эмас, балки ўз илдизини сақлаган ҳолда дунё дарахтига пайванд бўлишдадир.

Алишер Эгамбердиев, ЎзА