Беҳбудий учун газетадан манфаат нима бўлган?
Жадидлар даври матбуоти, хусусан Беҳбудийнинг публицистик фаолиятини таҳлил қилиш учун Туркистоннинг ўша даврдаги маърифатпарварлари учун муҳим ҳисобланган манфаатлар нуқтаи назаридан ёндашиш керак.
Хўш, XX аср бошида ижтимоий фаол инсонлар учун манфаат, яъни уларнинг мақсад ва муддаолари нимадан иборат бўлган?
Юрт мустамлакага айланиб бўлган ва халқ чорак асрдан ортиқ Россия империясига қарам. Меҳнату машаққат бор, аммо келажак йўқ. Империядан куч билан чиқиш имконсиз бўлган ана шундай вазиятда Маҳмудхўжа Беҳбудий каби маърифатпарварлар Туркистон халқининг бу ҳолга тушиб қолганини чуқур таҳлил қилади ва ундан чиқиш йўлларини қидиради.
Уларни “Нега биз мустақиллигимизни йўқотдик? Нима сабабдан биз мустабидлик занжирига тушиб қолдик? Мустабидлик занжиридан қутилиб, мустақиллик нашъасини топишнинг иложи топиладими? Бунинг учун нималар қилиш керак?” (Дўстқораев Б. «Ўзбекистон журналистикаси тарихи». Т.: Ғ.Ғулом номидаги матбаа-нашриёт уйи. 2009. 108-б.) деган саволлар қизиқтирган.
1899-1900 йиллардаги Ҳаж сафари (Ҳожи Муин. Маҳмуджўжа Беҳбудий, “Зарафшон” газетаси, 1923 йил, 25 март) табиийки, Беҳбудийнинг дунёқарашини кескин ўзгартиради ва йўл-йўлакай кўрган ва эшитганлари унда келажакка интилиш учун куч ҳамда аниқ мақсадларни пайдо қилади.
Кураш ва мақсад учун инсонда илм ва хабардорлик бўлиши керак эди. Ўша даврда илм ва хабардорлик учун энг муҳим восита бу нашрлар эди. Шу мақсадда Беҳбудий ватанга қайтиб, “Таржумон” (Боқчасарой), «Туркистон вилоятининг газети», «Шарқи Рус» (Кавказ), «Миръот» (Санкт-Петербург) нашрларига обуна бўлади ҳамда ушбу нашрларда “Самарқанддан хатлар” рукнида туркум мақолалар эълон қилиб боради.
Таълим, тарбия ва одамларнинг дунёқарашини замонга мос ўзгартириш ўтган асримиз бошида кўпчилик жадидларга хос бўлган. Бу борада Беҳбудийнинг хатти-ҳаракатлари бошқа замондошларидан фарқ қиладими?
Умуман, газетачилик ишларидан Беҳбудий учун қандай “манфаат” бўлган?
Беҳбудий ўзи мустақил газета ташкил этгунга қадар ушбу нашрларни ўқиш ва мақолалар ёзиш орқали кейинчалик мақолалари ҳамда жамият ва давлат ривожи йўлидаги таклифларининг пайдо бўлишида катта тажриба орттиради.
Беҳбудий саъй-ҳаракати билан илк марта 1913 йилда газета (“Янги Самарқанд – Самарқанди нав”, шунингдек газета кейинчалик “Янги Самарқанд”, “Самарқанд” номларида чоп этилган) ташкил этилгани сабабли баъзи тадқиқотчилар уни жадидлар матбуотининг кейинги босқичи вакили сифатида тилга олади. Лекин Беҳбудий жадидлар матбуоти пайдо бўлишининг дастлабки йиллариданоқ фаол бўлган. “У 1908 йилдан бошлаб, Самарқандда газета чиқариш учун маъмурлардан рухсат олишга интилган. Унинг нияти 1913 йилга келибгина амалга ошади” (Дўстқораев Б. «Ўзбекистон журналистикаси тарихи». Т.: Ғ.Ғулом номидаги матбаа-нашриёт уйи. 2009. 186-б.). Демак, Беҳбудий газета чиқаришга унга рухсат берилишдан олдинроқ тайёр бўлган. Абдулла Авлонийнинг “Самарқанд” газетаси ҳақида “... элу халқнинг кўзини очишга биос бўлди” (Саидов Ҳ. Асл фарзанд. “Маърифат” газетаси, 2014 йил, 22 январь) деган таърифи Беҳбудийнинг публицистик салоҳияти, газета ташкил этишдан кўзланган мақсадга қанчалик даражада эришилганига берилган энг тўғри баҳо бўлади.
Беҳбудий ўша давр одамлари дунёқарашига мос масалаларни матбуот ёрдамида кетма-кетликда бера олган. “Самарқанд” газетасининг илк сонларида “Газета нима?” (“Газет чист?”) (“Самарқанд” газетаси 4-сон) сарлавҳасида мақолалар эълон қилингани бежиз эмас. Сабаби, кўпчилик маҳаллий аҳоли учун ноодатий бўлган газетанинг ўзи ҳақида тасаввур шакллантирмай туриб, мураккаб масалалар ҳақида ёзиш ноўрин бўлган бўларди. Аммо у одамлар дунёқараши ўзгариши, тараққий этиш учун узоқ йиллар керак деган фикрдан узоқ бўлган. Бу фикрни газета саҳифаларида халқаро сиёсат (“Муҳораба нима бўлди?”, “Болқонми, вулқон?”, “Румониёнинг кучи”, “Сулҳ шартномаси” каби мақолалар), сиёсий-ижтимоий (“Ким эшитадур?”, “Сарт” сўзи мажҳулдир!” “Миллатлар қандай тараққий этарлар?”, “Бизни кемирувчи иллатлар” каби мақолалар), тарих ва география (“Мирзо Улуғбек”, “Адрна”, “Тарихи Ҳиндустон”, “Шердор”, “Туркистон”, “Самарқанд” сўзи хусусида каби мақолалар), ижтимоий (“Икки эмас, тўрт тил лозим”, “Мулоҳаза” каби мақолалар), иқтисодий (“Майда қарз”, “Ўқувчиларга ёрдам керак” каби мақолалар), ҳуқуқий (“Мактабларга рухсат олмоқ тариқаси”, “Амалдорлар сайловини тасдиқлаш тўғрисида”), аниқ илмий тушунчалар (“Жуғрофия чист?”, “Ер”, “Тарих ва жуғрофия”, “Офтобнинг сатҳи”, “Қамар-Ой”, “Ҳаво” каби мақолалар) ҳамда диний (“Ҳуқанддан мактуб”, “Кийим ва ташаббуҳ масаласи”, “Таҳсил ва сафари замон ва таом” каби мақолалар) масалаларга оид эълон қилган мақолалар ҳам исботлайди.
Беҳбудий публицистикасининг яна бир эътиборли томони Туркистон ўлкасида яшовчи аҳолининг турли тиллар ва шеваларда гапиришини инобатга олиб, матбуот орқали етказмоқчи бўлган фикрларининг барчага тушунарли бўлиши учун ижодининг дастлабки йилларидаги мураккаб услубини ўзгартириб “ўрта шевада” ёзишга уринади.
Масалан, “ТВГ” журналисти Олим Абулқосимовнинг “Нашр этиладиган китобларнинг тили” мақоласида Беҳбудийга қарата: “Янги босиладургон “Мунтаҳаби жуғрофияи умумий” китобингизни ўқуб кўрдим. Аксар ибрати содда турк тили эмас. Уламоларни ўқумоғи учун бўлгон вақтда ҳар қандай иборатаро (“ўрта тил” – Б.Дўстқораев изоҳи) бўлса лозимдур. Лекин мактаб болалар учун бўлган ҳолда тамом иборатлари чиғатой турк иборати илан ёзилса, яхши бўлар эди, деган маслаҳатни ўйлаймиз...” (“ТВГ” газетаси, 1906 йил, 10 март сони).
Табиийки, Беҳбудий бу фикрларни яхши қабул қилади ва шу билан бирга, турк тилини замонавий шаклга келтиришга киришади. Унинг “Тил масаласи” («Ойна» журнали, 1915 йил, 11—12-сонлар. 274—277, 306-311-бетлар.) мақоласида ёзилганидек, “...минг йил аввалги тилға қайтмоқ қонуни табиатға хилофдур. Чунки мозийға ружуъ мумкин йўқ. Бегона тилдан сўз олмоқдан қутулган тил йўқдур... Хулоса фикримиз шуки, ялғуз туркча сўйламак ва ёзмоқ абадан мумкин йўқ. Бақадри имкон арабий ва форсийни оз ёзайлук”.
Шунингдек, “Икки эмас, тўрт тил лозим” («Ойна» журнали, 1913 йил, 1-сон, 12—14-бетлар.) мақоласида ҳам Беҳбудий тил масаласида бошқа жадидлардан ўзгача ёндашган.
Демакки, Беҳбудий ёзган материаллар ва у раҳбарлик қилган нашрларнинг “ўрта тил”да ёзилиши билан бирга кўп тилли бўлиши ва Туркистон ўлкасининг барча халқларини қамраб олишга ҳаракат қилинган.
Беҳбудий ёзган мақолаларни таҳлил қилиб, шундай хулоса қилиш мумкинки, газетачилик орқали унинг ягона “манфаати” ва мақсади “... халққа ўша замоннинг энг муҳим ҳодисаларини тушунтириш, миллий туйғу нималигини англатиш, миллий манфаатни шахсий манфаатдан устун деган тушунчани сингдириш”дан (Дўстқораев Б. «Ўзбекистон журналистикаси тарихи». Т.: Ғ.Ғулом номидаги матбаа-нашриёт уйи. 2009. 187-б.) иборат бўлган.
Ортиқхўжа НОРОВ,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўқитувчиси