Байроқ – миллий ғурур ва ифтихоримиз тимсоли (+видео)
Ўз мустақиллигини қўлга киритган ҳар бир юрт байроғининг Бирлашган миллатлар ташкилоти бош қароргоҳи майдонида музаффар ҳилпирашини истайди. Чунки бу дунёда ўз ўрни, ўз овозига эга эканининг тасдиғи, мустақиллигининг тан олингани ифодасидир.
Бундан роппа-роса 32 йил муқаддам Ўзбекистон деб аталмиш осойишта, эркин ва фаровон юртнинг она табиатдан андоза олиб ишланган давлат байроғи қабул қилинган эди. Шундан буён бу муқаддас байроқ энг олий саҳналар, энг юқори марраларда, зафарли қўлларда баланд кўтарилмоқда, шавқу завқ билан кўзларга суртилиб, лабларга босилмоқда.
Бугун бу байроқ фақатгина Ўзбекистон Республикаси давлат рамзи эмас, у шу юртда туғилиб, шу заминнинг меҳридан қониб яшаётган барча элатларнинг тинчлик ва аҳиллик тимсолига, қалбларни қалбларга яқинлаштирадиган, дилларни дилларга улайдиган воситага айланган. Дунёнинг қайси бурчагида бўлманг, бу байроқ она юрт нафасини димоққа уради, қадрдон Ватанни ёдга солади.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги барча юртдошларимизни ушбу сана билан муборакбод этади. Она юртимиздаги тинчлик ва осудалик ҳеч қачон бизни тарк этмасин, байроғимиз баланд-баландларда Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юрт шаъни, шону шавкатидан дарак бериб ҳилпирайверсин!
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Zz8TKFbUTrQ?si=2F9Yuyk8ssoU6Pag" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, А.Аҳмедов (ЎзА)