Байроғимиз тарихига бағишланган ўзига хос тадбир
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Вобкент тумани бўлимида маърифат ўқуви бўлиб ўтди.
«Байроғимиз–фахримиз, ғуруримиз!» мавзусида ўтказилган мазкур ўқув соатида, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун ҳақида батафсил маълумот берилди. Тадбирда шунингдек, байроғимизда ўзбек халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрат ва шижоати мужассам экани ҳақида сўз юритилди.
Чиндан, миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши одамда ифтихор туйғусини уйғотади.
Шунингдек, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ифодалаб беради.

Давлат рамзлари халқимизнинг шон- шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир.
Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди.
Туғини жонидан ортиқ асраган шу каби аждодларимиз ҳаёти бугунги авлодларга катта ибрат. Аслида, ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш - ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш демак. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик.
Юсуф НАСРУЛЛАЕВ
Вобкент тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси
Нодир РУСТАМОВ
Республика Маънавият ва маърифат маркази Вобкент туман бўлинмаси раҳбари