Байроғимиз – ғурур ва фахримиз тимсоли
Ватан рамзлари доимо улуғ ва муқаддас саналган. Байроқ ҳамиша инсонларни якдилликка, улуғ мақсад йўлида бирлашишга чорлаган. Давлат рамзлари ор-номус, шон-шараф белгиси сифатида эъзозланган.
Зеро, байроқ ҳар бир халқ, миллатнинг шонли ўтмиши ва буюк келажаги, асрий анъана ва урф-одатларини ўзида акс эттирган.
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганига 33 йил тўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи – мамлакат суверенитетининг рамзи бўлиб тарихдан ўрин эгаллади.
Айни пайтда юртимиз бўйлаб ушбу сана муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Сана муносабати билан Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳам байрам тадбири ташкил этилди.

Байрам сайлини Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова очиб берди.
Тадбирда юртимиз байроғи нафақат Ўзбекистон Республикаси давлат рамзи, балки халқимизнинг, шу юртда туғилиб, шу заминнинг меҳридан қониб яшаётган турли миллат ва элатларнинг тинчлиги, ҳамжиҳатлиги тимсолига айлангани, у юртдошларимизга фахр-ифтихор туйғусини бахш этиб, уларни тинчликка, эзгуликка, эртанги кунга умид ва ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муқаддас рамз экани таъкидланди.

Давлат мадҳиямиз янграб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи мовий осмон сари кўтарилди. Ҳар бир киши қалбида Ватанга бўлган муҳаббат, миллий қадриятларни ўзида акс эттирган давлат рамзларига бўлган чексиз ҳурмат мустақил, озод ва обод, жаннатмакон Ўзбекистонда яшаётган барча фуқароларни бир мақсад сари бирлаштириб, кўксимизни фахр ва ифтихорга тўлдиради.
Байрам тадбирида талабалар томонидан шеър-қўшиқлар ижро этилди, тадбир иштирокчилари эътиборига саҳна кўринишлари ҳавола этилди. Айниқса, давлат мукофоти ва стипендиялари совриндорлари бўлган иқтидорли талабаларнинг чиқишлари барчага манзур бўлди.
Академия фойеси бўйлаб факультетлар томонидан жойлаштирилган ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси, миллий таомлар намойиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур байрам тадбири билан бир қаторда, «Ёшлар ойлиги» доирасида талабалар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академиясида спортнинг футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка турлари бўйича «Ректор кубоги» беллашувлари ўтказилади. Талабаларнинг билим доираси, тафаккурини ошириш мақсадида «Заковат» интеллектуал ўйинлари мунтазам ташкил этилади.
Талабалар сайлида «Энг фаол ва креатив жамоа», «Энг яхши безатилган жой», «Энг қувноқ ўйинлар ташкилотчиси», «Энг яхши безатилган дастурхон» ҳамда «Энг фаол иштирокчилар жамоаси» номинациялари бўйича ғолиблар тақдирланди.
Н.Усмонова,
ЎзА