Байрамона шукуҳни кўрдим
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган Қозоғистон Республикаси парламент мажлиси депутати Фахриддин Қоратоевдан ЎзА мухбири интервью олди:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган Қозоғистон Республикаси парламент мажлиси депутати Фахриддин Қоратоевдан ЎзА мухбири интервью олди:
– Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайлов жараёнларини бевосита кузатиш, юзу кўзларида ўзгача шукуҳ ва қизиқиш ила ўз вакилини танлашга келаётган элдошларим билан дилдан суҳбат қуриш бахти насиб этганидан беҳад хурсандман. Нафақат мен, ўнлаб хорижий кузатувчилар гувоҳ бўлдикки, мамлакатингизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқидан эркин фойдаланиши учун барча шарт-шароит яратилган, ҳатто бу тадбир байрамона тус олди, десам муболаға эмас. Сайлов жараёнларида одамларнинг руҳиятидаги кўтаринкилик, эркинлик, янгиланишга бўлган иштиёқ, ўзгариш яққол сезилиб турди.
Бевосита сайлов жараёнига тўхталадиган бўлсам, Тошкент шаҳар, Миробод, Шайхонтоҳур туманларида ташкил этилган бир нечта сайлов участкаларида бўлиб, фуқароларнинг овоз беришдаги иштирокини, сайлов комиссияси, ишончли вакиллар фаолиятини кузатдим.
Яна бир муҳим ҳужжат, Ўзбекистонда илк бор янги Сайлов кодекси қабул қилинди. Бу галги сиёсий тадбир ушбу ҳужжатга мувофиқ, очиқ ва ошкора тарзда бўлди. Ишонч билан айтиш мумкинки, халқингиз сайловни юқори кайфиятда, ўз тақдирига бефарқ бўлмаган ҳолда, ўз фикрига собит тарзда ўтказди. Ўйлайманки, сайланган депутатлар, келгусида халқ ишончини оқлайди.