Байрам ярмаркалари халқ хизматида (+видео)
Юртимизда Янги йил шукуҳи кезиб юрган бир паллада, халқимиз бу байрамни тўкин дастурхон атрофида кутиб олиш учун бозорларга, савдо дўконларига ошиқмоқдалар. Зеро, барчамиз бу кунларни яхши ниятлар, орзу-ҳаваслар ила кутиб олишни хуш кўрамиз.
Юртдошларимиз янги йилни кўнгилдагидек қарши олишлари учун республикамиз бозорларида ҳам катта тайёргарлик кўрилди. Хусусан, “Авиасозлар деҳқон бозори”да махсус жойлар ажратилиб, сотувчилар учун безатилган 50та байрам расталари ҳозирланди. Шу билан бирга йил давомида ташкил этилган арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси фаолияти нархлар барқарорлигига хизмат қилмоқда.
Бугун барча бозорларимизда байрам шукуҳини янада кўтариш учун жонли мусиқий дастурлар ташкил этилиб, харидорларга яхши кайфият, юқори ҳарорат улашилмоқда.
Маҳсулотларда узилиш бўлмаслиги ва пойтахтликларнинг байрам дастурхони тўкис бўлиши учун ва нарх-навонинг кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Бош Прокуратура департаменти ташаббуси билан 20 декабрдан 10 январга қадар аҳолига арзонлаштирилган озиқ-овқат таъминоти захираси яратилди. Масалан, биргина “Авиасозлар деҳқон бозори” омборларида 33 тонна картошка, 65 тонна пиёз ва халқ истеъмоли учун зарур бўлган барча озиқ-овқат маҳсулотлари захира қилиниб, пешма-пеш расталарга чиқарилмоқда.
Шу билан бирга озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ишлаб чиқарувчилардан тўғридан-тўғри олиб келиниши ҳам нархларга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, бу ерда сотилаётган балиқлар сифати ва нархи пойтахтнинг бошқа бозорларидан фарқ қилади.
Мазкур ярмаркаларда бободеҳқонлар томонидан етиштирилган сархил мевалар, сабзавот ва полиз, шунингдек, аҳоли эҳтиёжи учун зарур асал, сут, тухум, гўшт, балиқ, умуман, 50 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар харидорларга арзон нархларда етказиб берилмоқда.
Айниқса кўп истеъмол қилинадиган мол гўшти, товуқ, тухум, шакар, ёғ ва бошқа турдаги маҳсулотлар аҳоли эҳтиёжига қараб, ишлаб чиқарувчилар билан шартнома қилингани ҳолда расталарга тўғридан-тўғри олиб келиниши бозор маъмурияти, Бош Прокуратуранинг департаменти ва бошқа масъул идоралар томонидан назоратга олингани самарали бўлмоқда.
Халқимиз учун байрамни кўтаринки руҳда кутиб олишларига хизмат қилаётган Янги йил ярмарка савдолари барча ҳудудларда, аҳоли учун қулай жойларда давом этмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/7xA9-vEDFAY" title="Bayram yarmarkalari xalq xizmatida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА