Байрам дастурхонига аталган неъматлар
Бозор – юрт ободлиги, эл маъмурчилиги белгиси. Юртимиз бозорларида сархил мева ва полиз маҳсулотларининг мўл-кўллиги кўзни қувонтиради.
Йил охирлаб, Янги йил нафаси сезилмоқда. Байрамни нишонлаш учун кўчалар, уйлар безатилмоқда. Яна кўпчилик дастурхон ноз-неъматларини ҳам жамғаришга киришган...Бозор – юрт ободлиги, эл маъмурчилиги белгиси. Юртимиз бозорларида сархил мева ва полиз маҳсулотларининг мўл-кўллиги кўзни қувонтиради.
Янги йил байрами арафасида аҳоли дастурхони тўкин-сочинлигини таъминлаш, нарх барқарорлигини сақлаш мақсадида вилоят марказлари ва Тошкент шаҳри бозорларида байрам ярмаркаларини ташкил этиш анъанага айланган. Унга таъминотчи корхоналар, агрофирма ва фермер хўжаликлари, паррандачилик фабрикалари бириктирилган. Ҳар бир савдо нуқтасида тўлов терминали ўрнатиш, маҳсулотни сифатли ва арзон нархда етказиб бериш ҳамда юксак савдо маданияти асосида сотиш бўйича вазифалар белгилаб берилган.
Тошкентнинг энг йирик бозорларидан бири – “Эски жўва деҳқон бозори”да Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятлари фермерлари етиштирган гўшт, тухум, картошка, пиёз, олма, анор, узум, гуруч, салқин ичимликлар, қандолат маҳсулотлари савдо-ярмаркаси ташкил қилинган. Харидорларга кўрсатилаётган хизматлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида ярмаркалар турғун савдо расталарида ташкил этилиб, байрамона безатилди.
"Ўзбекозиқовқатхолдинг", “Ўзвиносаноат-холдинг” компаниялари, «Паррандасаноат» уюшмаси тизимидаги ташкилотлар ёғ, қандолат, консерва, сут, гўшт ва тухум маҳсулотлари, турли ичимликларни арзонлаштирилган нархларда етказиб бермоқда. Бозорга киритилаётган барча турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари ходимлари томонидан текширувдан ўтказилгач, сотишга рухсат берилади.
– Байрам дастурхони учун гўшт ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева ва ширинликлар, турли салқин ичимликларни ушбу ярмаркадан харид қилмоқдамиз, – дейди Хуршид Муҳиддинов. – Асосийси, сифати яхши, нархи арзон, нақд пулсиз ҳисоб-китоб йўлга қўйилган. Бундай қулайликлар яратилгани учун миннатдормиз.
Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари 2017 йилнинг 5 январигача давом этади.