Байрам дастурхони тўкин бўлади
Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларидаги деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларида Янги йил байрами олдидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркалари ўтказилмоқда.
Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларидаги деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларида Янги йил байрами олдидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркалари ўтказилмоқда.
Аҳоли дастурхони тўкинлигини, бозорда нарх барқарорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган ярмаркаларга вилоятдаги таъминотчи корхоналар, агрофирма ва фермер хўжаликлари, паррандачилик фабрикалари бириктирилган.
Самарқанд шаҳридаги барча деҳқон бозорлари, аҳоли гавжум масканларда фаолият кўрсатаётган савдо ярмаркаларида ўн беш турдан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархларда, қулай тўлов воситалари орқали сотилмоқда.
“Сиёб деҳқон бозори” ҳудудида ташкил этилган савдоларда Самарқанд, Тайлоқ ва Каттақўрғон туманлари, “Мармар деҳқон бозори”да Оқдарё ва Жомбой, “Темирйўл деҳқон бозори”да Пастдарғом, Булунғур, Иштихон туманлари фермер хўжаликлари, паррандачилик корхоналари мева-сабзавот, полиз, гўшт, тухум ва бошқа маҳсулотларни нисбатан арзон нархларда сотмоқда.
– Ҳар ҳафта “Сиёб деҳқон бозори”дан рўзғор учун зарур маҳсулотларни харид қиламиз, – дейди Дилафрўз Исоқулова. – Бугун байрамолди ярмаркасидан гўшт, тухум ва бошқа маҳсулотларни анча арзон нархда олдик. Савдонинг пластик карточкалар орқали ҳам амалга оширилаётгани барчага манзур бўлмоқда.
Савдо ярмаркалари 2015 йилнинг 5 январига қадар давом этади.