“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган бош ғояни мужассам этган байрам тадбирлари эзгу мақсадларга бой тарзда ўтмоқда. Мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан мамлакат бўйлаб ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирлари ҳам кенг қулоч ёймоқда.
Эзгу мақсадни кўзлаб амалга оширилаётган бу тадбирларда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти бўлими ҳам фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, фонднинг вилоят бўлими томонидан вилоятдаги кам таьминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 150 нафар биринчи синфга бораётган фарзандига мактаб формалари тарқатилди.

Мана шундай тадбирлардан бири Деҳқонобод туманида бўлиб ўтди. Тадбир давомида ижтимоий реестрга киритилган 20 нафар эҳтиёжманд оила фарзандларига янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида мактаб формаси ва зарур ўқув анжомлари олиб берилди.

Бу хайрли ташаббус болаларга байрам кайфияти улашди, уларнинг дарсларга бўлган қизиқишини оширди. Ота-оналар бундай эътибор ва ғамхўрликдан миннатдорликларини билдиришди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш борасидаги бундай амалий ишлар жамиятдаги бирдамлик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Бу каби тадбирлар бугунги кунгача вилоятнинг Кўкдала, Миришкор, Муборак, Китоб, Деҳконобод, Чироқчи, Касби туманлари ва Қарши шаҳрида бўлиб ўтди. Қолган туманларда ҳам давом эттирилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири