Байдарка ва каноэчилар Ўзбекистон кубоги учун баҳслашмоқда
Тошкент денгизида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича 14 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақалари бошланди.
Унда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Андижон, Фарғона, Наманган, Сирдарё, Навоий, Хоразм ва Тошкент вилоятларидан келган ёш спортчилар иштирок этмоқда.
Кундузги дастур доирасида K-1 қайиқларида 1000 метр масофага ўтказилган баҳсларда ўғил болалар ўртасида Самарқанд вакиллари Мироншоҳ Ахроров ва Давлатжон Фозилжонов биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллади. Тошкент шаҳри спортчиси Ҳусайн Гюнеш-Дуйгу бронза медалга сазовор бўлди.
Қизлар ўртасида ушбу йўналишда Фарғона вилояти вакили Шаҳзода Муйидинова олтин медални қўлга киритди. Навоийлик Шаҳзода Ашрафова иккинчи, Нургул Бекмуродова учинчи ўринни эгаллади.
C-1 қайиқларида 1000 метр масофада ўтган беллашувларда Фарғона вилояти спортчиси Муҳаммадризо Жаҳонгиров марра чизиғини биринчи бўлиб босиб ўтди. Тошкент вилояти вакили Диёрбек Рўзибоев кумуш, Самарқанд спортчиси Амир Тоҳиров бронза медаль билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА