“Бахтсиз куёв” – иллатлар акс этган асар
Кейинги пайтларда миллий адабиётимизнинг йирик намояндалари асарларини экранлаштириш, қолаверса, улар ҳақида туркум кинофильмлар яратиш масаласи кун тартибидан тушмаётгани кишини қувонтиради.
Масалан, “Ат-Термизий”, “Ибрат”, “Беҳбудий” ва “Авлоний” каби фильмларнинг яратилгани, қолаверса, Адиблар хиёбонида ҳайкаллари қад ростлаган яна қатор улуғ шоиру ёзувчиларимиз ҳақида шу кунларда туркум ҳужжатли фильмларнинг тайёрланаётгани мамлакатимизда тарих ва адабиётимизга бўлган юксак эътибор намунасидир. Шунинг баробарида, глобал ахборот замонида ёшларга улуғ аждодларимизни танитишга, айниқса, адабиётимизнинг нодир асарларидан уларни баҳраманд этишдек улуғ мақсадга хизмат қилади.
Агар бадиий тафаккуримизнинг бойишида “Алишер Навоий”, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Амир Темур”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур”, “Алпомиш” каби ўнлаб бадиий фильмларнинг ўрнини инобатга олсак, тарихий шахслар ва бадиий асарлар асосида яратилган фильмларнинг бугун учун ҳам нечоғлиқ аҳамиятли эканлигини англаш қийин эмас.
Буюк маърифатпарвар бобокалонимиз, ўзбек романчилиги мактаби асосчиси Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв” пьесаси асосида яратилган бадиий фильм, айтиш мумкинки, бу йўлдаги яна бир навбатдаги улуғ қадам бўлди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси буюртмасига асосан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “O‘zbektelefilm” студияси давлат унитар корхонаси томонидан тайёрланган “Бахтсиз куёв” фильми нафақат тарих, балки бугунги кун муаммоларидан сўзлайди.
Куни кеча “O‘zbekiston” телеканалида мазкур бадиий фильмнинг илк премьераси бўлиб ўтди. Унда адабиёт, санъат ва маданият соҳаларининг таниқли вакиллари томонидан мазкур фильмнинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни, айниқса, яқин ўтмишда рўй берган турли ижтимоий иллатлар, хусусан, тўйдаги исрофгарчилик ва дабдабавозликларга берилиш оқибатида юзага келган турли фожиалар “Бахтсиз куёв” асарида катта маҳорат билан ёритилгани ва улар фильмда ҳам ижодкорлар томонидан юксак маҳорат билан очиб берилгани қайд этилди. Айниқса, фильм бош қаҳрамони Солиҳнинг кечмиши, ўз севгисига етишиш учун ҳар қандай шартларга рози бўлиши, оқибатни ўйламай катта қарз олиши, қарзини тўлолмагандан сўнг севгилиси билан биргаликда ўз жонига қасд қилиши, энг ачинарлиси, бундай фожиа юзага келишида бошқаларнинг ҳам айби борлиги, афсуски бундай қайғули ҳолатлар бугунги замонамиз учун ҳам бегона эмаслиги тақдирлар мисолида ўзига хос тарзда очиб берилган.
Фильмда ҳар бир образ маҳорат билан яратилган, ўзига хос характерлар гавдаланган. Режиссёрлик маҳорати, операторлик иши ва мусиқий безак, замон ва макон уйғунлиги каби бадиий фильмга хос тушунча ва тамойилларга ҳам юксак эътибор қаратилган. Ҳар бир образ ва унга мос актёрлар танлови амалга оширилган. Бир сўз билан айтганда, бу фильм халқимизнинг яқин тарихидан сўзлайди ва бугунги кунимиздаги ижтимоий иллатлардан ҳар биримизни хабардор этади. Айниқса, ота-оналар, ёшларга ибрат мактабини ўтайди. Буюк маърифатпарвар бобокалонимиз – Абдулла Қодирийнинг ўгитларини ҳар дам ёдга солади.
Шуҳрат Ҳайитов, ЎзА