Бахтсиз ҳодисалар қурбони бўлманг
Ёз фасли ўзининг жазирама кунлари билан сийлаётган бир пайтда беихтиёр одамлар соя-салқин жойларга талпинади. Айниқса, бундай пайтда сувда чўмилиш танага ҳузур бағишлайди. Фарғона вилоятида кўплаб анҳорлар, сойлар ва сунъий сув ҳавзаларининг борлиги кишига ўзгача кайфият бағишлайди.
Афсуски, кўзларимизга қувонч бағишлайдиган бу манзаралар айрим ҳолларда нохуш воқеаларга ҳам сабаб бўлади. Сувнинг тез оқиши, сув сатҳининг чуқурлигига қарамасдан чўмилиш қоидаларига тўлиқ риоя қилмаслик ёки умуман сузишни билмаслик, ёш болаларни қаровсиз қолдириш, тақиқланган сув ҳавзаларида чўмилиш оқибатида сувда чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар содир бўлади.
Бу борада вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари жойларга чиққан ҳолда, чўмилиш оқибатида келиб чиқадиган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.
– Табиийки, ёз мавсумида кўпчилик юртдошларимиз салқин жойларда, сузиш ҳавзаларида иссиқдан сақланишади, – дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари, капитан Аҳлиддин Алижонов. – Албатта, ёз фаслида сув танга роҳат бағишлайди. Фақатгина бундай ҳолларда белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилсак, бас. Бу борада бошқармамиз томонидан чўмилиш мавсумида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўплаб профилактик рейд тадбирлари, семинар-тренинглар, очиқ мулоқотлар ва давра суҳбатлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Биргина ўтган 2023 йил давомида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, уларга тегишли соҳа вакилларидан мутахассислар жалб этилган. Мутахассислар иштирокида йил давомида рухсат этилмаган жойларда 6453 маротаба профилактик рейд тадбири ўтказилди, 230 та жойга, яъни сунъий кўприклар, газ ва ичимлик суви қувурларига сунъий тўсиқлар ташкил этилган. Тарғибот ва ташвиқот тадбирларида 2874 маротаба учрашув ўтказилди. Минг афсуски, олиб борилаётган шунча саъй-ҳаракатларга қарамасдан, фуқароларимиз ўртасида сувда чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар давом этмоқда. 2023 йил давомида вилоятда 8 нафар фуқаро сувда чўкиш билан боғлиқ бўлган ҳолатда ҳаётдан кўз юмган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида 10 нафар фуқаро ана шундай бахтсиз ҳодисаларнинг қурбонига айланди.
Сузишнинг инсон саломатлигига фойдаси катта. Мунтазам сув спорти билан шуғулланиш ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғлом бўлишга ёрдам беради. Аммо сув ҳавзаларига боришдан аввал у ерда чўмилиш тақиқланмаганлигига, умуман, хавфсизлик қоидаларига эътибор қаратиш муҳим.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири