Бахтимиз қомуси қабул қилинган кун кенг нишонланмоқда
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими ўринбосарлари, ташкилот, корхона ва муассасалар. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва ОАВлари ходимлари иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими Кобул Турсунов сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, ўтган давр мобанида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни қуриш, дунё майдонида эса давлатимизнинг халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида фаолият юритиши учун мустаҳкам асос яратди.
− Иқтисодиётимизнинг асослари бўлган бир қатор кўрсатгичлар, хусусан, аҳоли жон бошига нисбатан ялпи ҳудудий маҳсулот, саноат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги, капитал қуйилмалар, пудрат ишлари, чакана савдо, хизматлар ҳажмлари, экспорт йўналишларида мамлакат миқёсида локомотивлар қаторида эканлигимиз барчамизни ғурурлантиради, − дея таъкидлади вилоят ҳокими.
[gallery-325]
Навоий вилоятида юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг миллати, тили, дини ва келиб чиқишидан қатъий назар бир хил шароит ва имконият яратиб берилмоқда.
− Вилоятимизнинг ўнлаб таълим даргоҳларида дарслар қорақалпоқ, қозоқ, рус, тожик, туркман тилларида олиб борилишининг йўлга қўйилиши миллий бағрикенглик ва конституцион ҳуқуқ таъминланишининг ёрқин ифодасидир − дейди халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати, Навоий шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби директори Феруза Файзиева. − Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “учинчи ренассанс” сари қўйилган мустаҳкам пойдеворнинг залворли одимлари ҳам айнан таълим тарбиядан бошланди. Қолаверса, жорий йилда битирган ўқувчиларимизнинг республикадаги мавжуд олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсатгичи бўйича биринчи ўринда эканлиги ҳам вилоятда таълим тизимига берилаётган эътиборнинг бир кўринишидир.
Тантанали маросимда ижро этилган Ватанни, она юртни тараннум этувчи куй-қўшиқлар, жозибали рақслар ва саҳна кўринишлари барчага кўтаринки кайфият бахш этди.
Бахтимиз Қомуси қабул қилинган кун вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, ташкилот ва корхоналарида кенг нишонланмоқда.
Абдували БЎРИЕВ, Сирож Аслонов (фото), ЎзА