"Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман!"
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон халқ шоираси Зулфияхоним таваллудининг 106 йиллигига бағишланган "Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман" номли маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, Зулфияхоним шеърияти дўстлик, ҳамжиҳатлик, ватанпарварлик, меҳр, садоқатни ҳам нафис, ҳам баланд пардаларда, ғоят самимий тарзда тараннум этгани билан қадрлидир.
[gallery-1342]
Эътиборга молик жиҳати, унинг асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Зулфия зуғуми қаттиқ шўролар даврида ҳам ўзбек адабиёти, маънавияти, миллий табиатимизни, ўзбек аёли фазилатларини жаҳонга муносиб кўрсата олган жасоратли устоз ижодкордир.
Зулфия номидаги давлат мукофоти таъсис этилгани кўплаб қизларимизга умид, ўз-ўзига бўлган ишончни бағишлади. Шу билан бирга, мукофот юртимиз қизлари зиммасига юксак ишончга муносиблик масъулиятини ҳам юклайди.
Маърифий тадбирда Зулфия ҳамда Ҳамид Олимжон шеърияти акс этган театрлаштирилган мусиқий дастур намойиш этилди.
Н.Усмонова, ЎзА