Бахти кулган фарғоналик Гавҳарой (+видео)
Қиргули Фарғона шаҳрининг ўзига хос мавзеси ҳисобланади. Бу ерда мамлакатнинг энг йирик корхоналари, саноат зоналари, олий ўқув юртлари ва юзлаб кўп қаватли уйлар жойлашган. Аҳолиси байналминал. 53 миллат вакилларини учратасиз. Ана шундай мураккаб ҳудуд маҳаллаларидан бирига ўша пайтда ёшгина дея таърфилашган Гавҳарой Каримовани раис этиб сайладилар. Мана орадан 24 йил ўтибдики, у энди Фарғона шаҳрининг энг ибратли Навбаҳор маҳалласига узлуксиз раислик қилиб келмоқда.
Гавҳарой опа маҳалладаги 1361 та хонадонда яшовчи 3110 нафар аҳолининг ёшидан кексасигача – ҳар бирини танийди. Улар ҳам опани ўз оила аъзоларидек кўрадилар. Маҳалла еттилиги бир муштдек жамоа. Бирон йўналиш йўқки, шаҳарда биринчи бўлмаса. Ёшлар орасида спортчи чемпионлар, фан олимпиадаси совриндорлари, муваффақиятли тадбиркорлар бор. Ажралиш, жиноятчилик кўрсаткичлари энг кам деб эътироф этилган. Ҳоким ёрдамчиси опанинг ўнг қўли. Ҳуллас, натижа бирликда, дейди у.


Маҳалла фаоллари кам таъминланган, бемори бор оилалардан ҳамиша хабар олиб туришади. 8 март байрами арафасида ҳам маҳалладаги шу каби аёлларга алоҳида хурмат кўрсатилди. Розияхон Мамажонова, тақдир экан, ёлғиз яшайди. Қолаверса, бетоб. Бугун унинг қалбига ҳам баҳор, байрам шукуҳи улашилди.
Навбаҳор маҳалласи ишсизликдан холи ҳудудга айланган. Кимдир тадбиркор, яна ким ўзини ўзи банд қилган. Раис эса ишчи ўрни яратаман деганларга ҳамиша йўлдош. Ихтиёржон Қамбаровнинг тикувчилик цехида 350 нафар маҳалладоши меҳнат қилади. Гавҳарой Каримова бир кунда бир бор бу ерга кирмаса кўнгли тўлмайди. Тадбиркорда бирон муаммо бўлса, шаҳар, вилоят идораларига югуради.


Ҳуллас, Фарғона шаҳридаги Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гавҳарой Каримова маҳалланинг онасига, ўз одамига айланган.
Ўзбекистон аёлини юксакликда эъзозлайдиган мамлакат. Халқаро хотин-қизлар байрами 8 март муносабати билан Президент фармонига кўра, муносиблар мамлакатнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Фарғонадаги муҳташам Санъат саройида бугун байрам муносабати билан катта тантана бўлиб ўтди.


Вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров иштирокчиларни табриклаб, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлидаги беқиёс хизматлари учун миннатдорчилик билдирди. Президент фармони билан мукофотланганларга орден ва медаллар тантанали равишда топширилди. Ўнлаб хотин-қизлар вилоят ҳокимлиги фахрий ёрлиқлари ҳамда “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига муносиб кўрилди. Улар орасида Фарғона шаҳар Навбаҳор маҳалласи раиси Гавҳарой Каримова ҳам бор эди.


– Менга берилган бу юксак мукофот маҳалламизнинг барча фидойи, аҳил, ташкилотчи аёлларига берилган деб ҳисоблайман, – дейди Гавҳарой опа. – Бугун куч ва тажрибамни халқимиз янада фаровон яшаши, осмонимиз мусаффо бўлиши учун сарфлайман. Озгина меҳнатимни юксак қадрлаган давлатимиз, Президентимизга раҳмат.
[gallery-22121]
Сарой саҳнаси пойтахт ва фарғоналик санъаткорлар ихтиёрига берилди. Бугун янграган барча куй ва қўшиқлар азиз опалар, фидойи аёл-қизларга аталган эди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/jFL3_kg5g7Y" title="Baxti kulgan farg`onalik Gavharoy" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(сурат, видео), ЎзА мухбирлари