«Бахши» сўзи турли даврларда қандай маъноларни ифодалаган?
Ватанимиз тарихидаги 16 декабрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1917 йил (бундан 107 йил олдин) – Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Совети қарорига биноан «Туркестанский вестник» ва «Туркестанский курьер» газеталари ёпиб қуйилди. Ушбу газеталарнинг босмахонаси мусодара қилинди ва Матбаачи ишчилар уюшмаси ихтиёрига ўтказилди.
1926 йил (бундан 98 йил олдин) – Ўзбекистон ССР Советлари Марказий Ижроия Қўмитаси ва Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Советининг «Зарафшон вилоятида ер-сув ислоҳоти тўғрисида» декрети қабул қилиниб, унга кўра мазкур вилоятда ер-сув ислоҳотини ўтказиш белгиланди.
1991 йил (бундан 33 йил олдин) – Туркия Республикаси Ўзбекистон Республикаси суверенитетини биринчилардан бўлиб тан олди. 1992 йил 28 апрелда Тошкентда Туркия Республикасининг элчихонаси, 1993 йил январда Анқарада Ўзбекистон элчихонаси очилди.
1992 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовга «ислом динининг ҳимояси ҳамда мусулмон олий ўкув юртлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги хизматлари учун» Қоҳирадаги (Миср Араб Республикаси) «Ал-Азҳар» университетининг фахрий доктори унвони берилди.
1996 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Ўзбекистоннинг янги тарихи»ни тайёрлаш ва нашр этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга асосан, уч қисмдан иборат «Ўзбекистоннинг янги тарихи»ни тайёрлашда ХIX асрнинг ўрталаридан ҳозирги кунгача халқимиз ҳаётида содир бўлган тарихий босқичлар ва ўзгаришлар тўла қамраб олинди.
1996 йил (бундан 28 йил олдин) – Тошкент Киночилар уйида режиссёрлар Исамат Эргашев ва Бақо Содиқов яратган икки қисмли “Буюк Амир Темур” бадиий фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди. Соҳибқирон Амир Темурнинг ёшлик даври ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу тарихий фильмнинг тасвирий ечими учун оператор Рифқат Ибрагимов XII Осиё, Африка ва Лотин Америкаси Тошкент Халқаро кинофестивалида “Энг яхши операторлик иши” номинацияси ғолиби бўлган.
2008 йил (бундан 16 йил олдин) – Женевадаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бўлими биносида жойлашган Миллатлар Саройида пойтахтимиз Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига бағишланган “Тошкент: бугун ва эртага” деб номланган кўргазма очилди.
2013 йил (бундан 11 йил олдин) – юртимизда “Оилавий” телеканали эфирга узатила бошланди. У оилавий муносабатларни ёритишга ихтисослашган телеканал ҳисобланади.
2019 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 11 боб, 58 моддадан иборат.
2021 йил (бундан 3 йил олдин) – ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни асраш ҳукуматлараро кўмитаси томонидан Бахшичилик санъати Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Халқ оғзаки ижодининг ушбу гўзал ва бетакрор намунаси мамлакатимизда минг йиллар давомида ривожланиб, баланд чўққиларга кўтарилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, «бахши» сўзи турли даврларда шомон, коҳин, қаландар, жарроҳ, котиб, ҳисобчи, устод, маърифатчи каби турли маъноларни ифодалаб келган. «Бахши» халқ оғзаки ижодининг эпик ва лирик турга хос намуналарини айтувчи, куйловчи профессионал ижрочиларни ифодаловчи тушунча. Бахши, яъни санъаткор достончиларни эл орасида “юзбоши”, “соқи”, “санновчи”, “созчи”, “жиров” деб ҳам атайдилар.
Бахшилар, асосан, ижрочи ва ижодкор бахшиларга бўлинади. Ижрочи бахшилар, устозидан ўрганган достонларни жузъий ўзгаришлар билан айнан куйласалар, ижодкор бахшилар оғзаки эпик анъана асосида достоннинг ўз вариантлари, ҳатто улар асосида янги достонлар ҳам яратадилар. Бундай бахшилар «шоир» деб ҳам юритилади.
2021 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга субсидия бериш ахборот тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади