Бахмал қишлоқ хўжалигида янги давр бошланди
Жиззах вилоятининг тоғ бағрида жойлашган Бахмал тумани сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида янги – инновацион босқичга қадам қўйди. Ер ва меҳнатнинг қадри қайта англанмоқда, замонавий технологиялар эса анъанавий соҳага янги суръат бағишламоқда.
Тумандаги 33,3 минг гектар ер майдонининг 3,5 минг гектари суғориладиган, 29,8 минг гектари эса лалми ерлардан иборат. Мазкур ҳудудда 1349 та фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолият юритмоқда. Ҳар бир йўналишда – ғаллачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик ва чорвачиликда катта натижалар кўзга ташланмоқда.
2025 йилга мўлжалланган режаларга кўра, туманда умумий 293 минг тонна маҳсулот етиштирилиши кутилмоқда. Бунинг ичида 61,8 минг тонна мева, 50,7 минг тонна сабзавот ва 17,8 минг тонна ғалла асосий ўринни эгаллайди.
Янги босқичда 1,2 минг гектар майдонда замонавий интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш режалаштирилган. Жорий йилнинг ўзида 42 та фермер хўжалиги томонидан 1000 гектар янги боғ ва токзорлар ташкил этилди, уларнинг 432 гектари тоғолди қир-адирликларда жойлашган.
– Умумий ер майдонимиз 65 гектар бўлиб, шундан 14 гектари лалми беда, 3 гектари сувли, қолган қисми лалми ғалла экинларига ажратилган. Яқинда артезиан қудуқ қазиб, 8 гектар олма боғи, 1 гектарга яқин нок, беҳи ва ўрик боғини барпо этдик, – дейди “Холиқ – Т” кўптармоқли фермер хўжалиги раҳбари Мурод Холиқов. – Боғларимиз ўтган йили илк мева берди, бу йил эса тўлиқ ҳосилга кирди. Олма боғимиз ёш бўлса-да, даромад 40 миллион сўмни ташкил қилди.
Хўжалик асосан чорвачиликка ихтисослашган. Ҳозир 38 бош қорамол, шундан 13 таси соғин сигир, 150 бош қўй белгиланган рацион асосида боқилаяпти. Сут ва гўшт маҳсулотлари ички бозорга сотилмоқда.
– Ўтган йили хўжалигимиз 70 миллион сўм соф даромад кўрди. Бу йилги режамиз бу кўрсаткични камида икки бараварга ошириш, – дейди фермер.
Туманнинг Туятортар канали суви билан суғориладиган пастки қисми асосан сабзавотчиликка ихтисослашган. Бу ерда картошка, сабзи, пиёз, карам ва помидор етиштириш авж олган.
Айни шу ҳудудда истиқомат қилувчи Эшпўлат бобо Жумақулов ўз томорқасидан унумли фойдаланиш бўйича намуна бўлиб турибди.
– Биринчи ҳосил сифатида 26 сотих томорқамга ловия экиб, 25 миллион сўм соф даромад қилдим, – дейди у. – Энди иккинчи экин сифатида картошка экиб, 9–10 тонна ҳосил олишни мўлжаллаяпман. Бу йилги умумий соф даромад 50 миллион сўм атрофида бўлади, деб ўйлаяпман. Бу ҳисобга тўқсонбости учун экиладиган маҳсулотни қўшмадим, чунки унинг ҳосилини келгуси йил оламиз.
Бунёдкор маҳалласидаги ҳар 10 та хонадондан 9 таси Эшпўлат бободек ўз томорқасини даромад манбаига айлантира олган. Бу нафақат оилавий бюджетга ҳисса, балки ўзини-ўзи банд қилиш имкониятини ҳам яратмоқда.
Бахмалликлар “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини ҳаётга жорий этишда ўз ёндашувларини топа олгани таҳсинга лойиқ. Ерни боқсанг ер сени боқади, деганлари шу бўлса керакда.
“Жавоҳир Маматмуродов” оилавий фермер хўжалиги ҳам меҳнати самарасини намойиш этмоқда. Хуршид Элмуродов раҳбарлигидаги ушбу хўжалик 6 гектарлик ерда ловия, картошка, пиёз ва помидор етиштирмоқда.
– Бир гектар пиёздан 70–80, помидордан 50–60 центнердан ҳосил олиш ниятидамиз, – дейди Хуршид ака. – Келгуси йилдан бошлаб сув тежовчи томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш учун барча жиҳозларни олиб бўлдик. Бу эса ҳосилдорликни камида бир ярим- икки баробар ошириш имконини беради.
Инновация ва инвестициялар туфайли туманда қишлоқ хўжалиги юқори поғонага кўтарилмоқда. Масалан, “Агробанк” ва Франциянинг “Dalival” компанияси ҳамкорлигида 13,5 гектар майдонда замонавий саноатлашган боғ барпо этилди. Ушбу лойиҳа қиймати 7 миллиард 500 миллион сўмни ташкил этади ва йилдан-йилга ҳосилдорлик ошиши кутилмоқда.
Яна 200 гектар замонавий боғлар барпо этиш режаси бор. Бундан ташқари, ҳозирги кунда 650 гектар майдонга сув тежовчи технологиялар жорий қилинган бўлиб, улардан 492 гектари фаолият юритаяпти.
Чорвачилик соҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Жорий йилда 26 та лойиҳа амалга оширилди: 6 таси қорамолчилик, 5 таси қўйчилик, 15 таси асаларичилик йўналишларини қамраб олган.
15 минг 300 бош йирик шоҳли мол сунъий уруғлантирилиб, наслни яхшилаш ишлари туфайли соҳага тегишли кўрсаткич 51 фоизга етказилди.
[gallery-25619]
– “Бахмал кенг даласи” фермер хўжалигимиз 40 гектар ерга эга. Асосан нўхат ва арпа етиштирилади, – дейди фермер Умид Қўшақов. – Яқинда янги калибрловчи ускуна харид қилдик. Бу ускуна кунига 10–15 тонна маҳсулотни тозалаш ва саралаш имконини беради. Энди нафақат ўз маҳсулотимиз, балки бошқа фермерларнинг ҳам маҳсулотларини қайта ишлаб, қоплаб бериш хизмати йўлга қўйилди.
Бу кичик цех туфайли оилавий даромадимиз анча ошиб, янги уй қурдик, машина олдик, тўй қилдик. Давлат раҳбарининг кўрсатган эътибори туфайли ҳаётимизда сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда.
Мухтасар айтганда, Бахмал туманида қишлоқ хўжалиги замонавийлик ва анъаналар уйғунлигида ривожланмоқда. Интенсив боғлар, инновацион технологиялар ва фуқароларнинг фидокорона меҳнати туфайли туман нафақат ишлаб чиқариш марказига, балки фаровонлик ва иқтисодий барқарорлик манзилига айланиб бормоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/_XwF_NkSsgY?si=eiagTCbhKnGTjSsY" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат, видео), ЎзА мухбирлари