Башар, сизни севиш учун туғилдим!
«Дунёнинг барча ташвишлари шоир юрагидан ўтади»... «Ижодкор ғамли дамда ҳам, шодлик дамларида ҳам фақат ҳақ гапни айтиши лозим»... «Ҳамма одам Суқротдай донишманд, Бетховендай даҳо бўла олмайди, лекин ҳар бир одам виждонли ва меҳнатсевар бўлишга интилиши керак»... «Шукурки, мен ҳаёт ҳақида ҳеч қачон ёмон сўз айтмадим, унга арзимас нарсадай қарамадим, одамлар қадр-қимматини камситмадим, кўнглини чўктирадиган сўзларни айтишдан тилимни тийдим»... «Башар, сизни севиш учун туғилдим!..» Бу пурҳикмат сўзлар машҳур болқор шоири Қайсин Қулиев инсониятга мерос қолдирган нақллардан намуналар.
Шоир ўзи ёзган пурҳикмат сўзларга умр бўйи қатъий амал қилди ва шеърият мухлислари, дунё халқлари ҳурматини қозонди. Унинг дилбар шеърлари жаҳоннинг 146 тилига таржима қилинди, «Кабардин-Болқористон халқ шоири» Фахрий унвони, Давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Ҳиндистон Бош вазири Индира Ганди, Россия Президенти Владимир Путин каби давлат арбоблари нуфузли анжуманларда сўзлаган нутқларида Қайсин Қулиев шеърларидан иқтибос келтирди.
Севимли шоирамиз Зулфия таърифлаганларидек: «Унинг энг катта шуҳрати – халқнинг, шеърият мухлисларининг чинакам муҳаббатини қозонганлигида. Уни ҳамма ерда танишади, у ҳамма ерда ўзини кўпдан таниш туғилган диёрда юргандек ҳис қилади».
Оламни ҳайрат солган Қайсин Қулиев 1917 йил 1 ноябрь куни Россиянинг Кабардин-Болқористон Республикасидаги қадимий болқор овули Юқори Чегемда оддий чорвадор-овчи оиласида туғилди. Икки ёшида отадан етим қолди.
Опаси ва уни тарбиялашда қийналаётган онасига ёрдам бериш учун болалигидан тоғлик деҳқонлар бажарадиган барча юмушларни бажарди. Мактабни тугатгач, Налчик педагогика техникумида ўқишини давом эттирди. 1935 йили Москвадаги театр институти(ГИТИС)га ўқишга кирди. Шу даврда Адабиёт институтининг кечки бўлимида ҳам ўқиди.
У рус тилини яхши билгани учун Лермонтов, Есенин, Лорка ва бошқа шоирларнинг шеърларини севиб мутолаа қилди. Бундай мутолаалари ҳақида у шундай деганди: «Жаҳон шеърияти менга шундай маданиятни бердики, уларсиз шоир бўлиш мумкин эмас».
Шоир таржимаи ҳолида шундай сўзлар бор: «Мен шеър ёзишни эрта – ўн ёшларимда бошладим. Ўн етти ёшимда машқларимни газетада нашр этишди. Энди бундан афсусланаман. Эрта нашр эттириш зарарли экан(эндику биламан, машқларнинг эрта эълон қилиниши фойда келтирмайди, аксинча феъл-атворни бузади)”. У 1938 йилда Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинди.
1939 йилда Налчик шаҳрида бўлган анжуманда «Болқор адабиётини ривожлантириш асослари» мавзусида илмий нутқ сўзлади. 1940 йилда унинг илк «Салом, эртанлик» китоби болқор тилида чоп этилди.
Муҳими, ўша йили болқор мумтоз адабиёти асосчиси Козим Мечиев билан учрашди, ижоди билан яқиндан танишди(унинг ижоди чоп этилмаганди, фақат қўлёзмаларда мавжуд эди). Устоз шоир билан мулоқот ёш Қайсиннинг шеъриятга, адабиётга муносабатини тубдан янгилади.
У ҳарбий хизматни парашютчилар қисмида ўтади. Бу ҳарбий қисм 1941 йил май ойида Латвиянинг Даугавпилс (Двинск) шаҳрига сафарбар этилди. Қайсин Қулиев ҳам шу жойда 22 июнь куни уруш билан юзма-юз бўлди, фашистларнинг ваҳшийликларини ўз кўзлари билан кўрди. Кейин сафдошлари билан хавфли ҳарбий топшириқларни бажарди.
Жангларда қанча сафдошлари ҳалок бўлди. Сийраклашиб қолган парашютчиларни янги аскарлар билан тўлдириш учун Иваново вилоятига жўнатишди. Қайсин Қулиев китоб мутолаа қилишга ва шеър ёзишга имкон топарди.
Улар янги парашютларни синовдан ўтказишди ва парашют билан беш юз – уч юз метр баландликдан сакрашни машқ қилишди. Бу жуда хавфли, ерга масофа яқин. Кимдир парашютни очишга сал кечикса, ёмон оқибат кутади. Бироқ, ҳарбий давр шуни тақозо қиларди.
1941 йилнинг 1 октябрь куни парашютчиларни жанговар тревого уйғотди. Эрталаб икки самолётда Орёл шаҳрига учишди. Бу шаҳарни гитлерчилар эгаллаб бўлганди. Биринчи самолётда бўлган Қайсин Қулиев ҳарбий сумкасидан Лермонтов китобини олиб, шоир суратига қаради ва шеърларини ўқиди.
Бу унга бироз таскин берди. Ҳолбуки, у бир неча сониядан кейин фашистларнинг қирувчи самолётлари ҳаводан, ердан артиллерияси самолётни ўққа тутишини биларди. Ўқлар ёмғиридан ўтган самолётдан сакраган парашютчилар шаҳарнинг шимолий қисмига эсон-омон қўнишди.
Иккинчи самолётдан шаҳар ичкарисига сакраган парашютчиларни фашистлар қуршовга олиб, битта қўймай қириб ташлашди. Орёл шаҳри ҳимоясидан бошланган жанглар узоқ вақт давом этди. 1942 йили жангда Қайсин Қулиев оғир яраланди ва Чебоксар ҳарбий госпиталига олиб борилди.
Госпиталда даволанаётган вақтида радио орқали Қайсин Қулиев ҳаёти ва ижодига бағишланган эшиттириш берилди, шеърларининг русча таржималари ўқилди. Бу эшиттиришни Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Александр Фадеев ҳам тинглаётган эди ва ажойиб шеърлардан ҳайратга тушди.
У Қайсин Қулиевнинг Чебоксардаги госпиталида даволанаётганини аниқлади ва бош шифокорга телефон қилиб ёш шоирга эътибор кўрсатишини тайинлади. Ёзувчилар уюшмаси номидан давлат раҳбарига тавсифнома ёзиб, Қайсин Қулиевни урушга чақирилмайдиган ёзувчилар рўйхатига киритишни сўради ва бунга тасдиқнома(бронь) олди.
Бир оз соғайган Қайсин Қулиевни Москвага чақириб, унинг иштирокида ижодий учрашувлар ташкил қилди, Москвада қолиб ишлашга кўндирмоқчи бўлди. Болқорлик шоир Фадеевга миннатдорлик билдириб, «Менинг ўрним Ватан учун қон тўкаётган сафдошларим ёнида» дея яна фронтга жўнаб кетишини айтди.
Иқтидорли шоирнинг жангларда дайди ўққа учрашидан хавфсираган Фадеев уни «Ватан ўғли» газетасида ҳарбий мухбир бўлиб ишлашга кўндирди. Лекин жанговар тайёргарликдан ўтган Қайсин Қулиев фронт олд чизиғида ўзининг мухбирлик вазифасини унутиб, аскарлар билан ҳужумга ташланарди.
Яъни, ҳар сонияда ўлимга юзма-юз борарди. Бунга биргина мисол келтираман: эни уч ярим километрга чўзилган Сиваш ҳавзасидан ўқлар ёмғири остида кўкрагигача сув кечиб биринчилар қатори ўтиб, душманни истеҳкомидан қувиб чиқарган аскарлар орасида Қайсин Қулиев ҳам бор эди. Қрим учун давом этган жанглардан бирида у яна оғир яраланди ва Симферопол ҳарбий госпиталига ётқизилди.
Ёзувчилар уюшмаси Қайсин Қулиев шеърларини тўплаб Давлат мукофотига тавсия этганди. Шоирнинг «Тоғлик эканимдан менинг кўксим тоғ», «Менинг заминим», «Энг азиз неъмат» каби шеърлари нафақат адабиёт мухлислари томонидан, балки окопларда аскарлар томонидан ҳам севиб ўқилаётганди.
Бу мукофот унга 1944 йил апрель ойида берилиши керак эди... Лекин 1944 йил 8 март куни болқор халқи асоссиз равишда сургун қилинди ва икки соат ичида 37 мингдан зиёд болалар, аёллар, ногиронлар, эркаклар(улар орасида урушда қаҳрамонона жанг қилган зобит-аскарлар ҳам бўлган) Ўрта Осиёга мажбуран кўчирилди. Бу вақтда Қайсин Қулиев даволанаётган ҳарбий госпиталга дивизия генерали келди ва жангларда кўрсатган қаҳрамонлиги учун унга жанговар орден топширди.
Яна Ёзувчилар уюшмаси давлат раҳбарига тавсифнома ёзиб, Қайсин Қулиевни ҳимоя қилди ва унинг Москва, Нева бўйидаги шаҳарлардан бошқа жойда, ҳатто Чегемда яшашига рухсат олди. Қайсин Қулиев бироз соғайгач, Чегемга борди, ўзи туғилиб вояга етган овул бўм-бўш эканини кўрди ва кўнгли вайрон ҳолда Москвага келди, Фадеевга меҳрибонлик кўрсатгани учун миннатдорлик билдирди, халқи ортидан Қирғизистонга кетишга қарор қилганини айтди.
Фадеев тавсиясига кўра Қирғизистон Ёзувчилар уюшмасининг рус адабиёти бўлимида ишлай бошлади. Рус тилида чиқадиган газета-журналлар билан ҳамкорлик қилди, мақолалар ёзиб берди. Қирғиз тилини мустақил равишда ўрганди. Қирғиз адибларининг асарларини рус тилига ўгирди. У таржима қилган роман кейинчалик Давлат мукофотига сазовор бўлгани Қайсин Қулиевнинг рус тилини яхши билганидан далолатдир.
Қирғизистонда яшаган даврида Қайсин Қулиевни адабиёт жонкуярлари хат ёзиб, сўраган китобларини жўнатиб қўллаб-қувватлаб туришди. Бундай хайрли ишни таниқли шоир Борис Пастернак мунтазам бажарарди.
У хатларининг бирида шундай ёзганди: “...Истеъдодли ижодкор ҳаққоний ва тўлақонли ёзишидан ҳаёт кўп нарса ютишини, чучмал ва чала ёзмаларидан ютқизишини билади. Эзгу мақсади ғурурини уйғотади ва ҳамиша ҳақиқатга интилади.
Бу ҳаётдаги энг тўғри йўл, унда кўнгилсизликлар учраши иккинчи даражали масала». Кейинчалик Қайсин оға Пастернакка ўз миннатдорлигини шундай билдирганди: «Сизнинг сўзларингиз оғир дамларда мени тумордай асради!»
Ёзувчилар ўртасида бир қанотли ибора бор: «Қайсин Қулиев бор, ёш истеъдодлар бор...» Биламизки, Чингиз Айтматовнинг отаси ҳам қатағон қурбони бўлганди ва унинг ёзганларини матбуотда чиқариши, ўзи истаган олий ўқув юртида ўқиши тақиқланганди(нега у ветеринария ихтисослиги бўйича ўқиганини тушунгандирсиз). Қайсин Қулиев барча жавобгарликни зиммасига олиб, Чингиз Айтматовнинг биринчи ҳикоясини журналда эълон қилдирди, бир муддат ўтгач иккинчисини... Унинг Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлишига эришди.
Кейин дўсти Александр Твардовский билан ҳамкорликда Чингиз Айтматовнинг Москвадаги Олий адабиёт институтида ўқишига, биринчи қиссаси «Жамила»нинг нуфузли журналда чиқишига ва китоб ҳолида нашр қилинишига ёрдам берди. Чингиз Айтматовнинг бундан кейинги ҳаёт ва ижод йўлини кўпчилик билади.
Шу ўринда Қайсин оғанинг иқтидорли ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашига ёқимли мисол келтирсам: 1969 йилда Абдулла Орипов бошқа ёзувчи касал бўлиб қолгани учун Москвада ўтказилаётган ёш ёзувчилар семинарига жўнатилди.
Гуруҳларга ажратилаётганда унинг фамилияси чиқмади. Шунда Қайсин Қулиев рўйхатларда йўқ бу болани ўз гуруҳимга оламан деди. Абдулла ака тортинибгина шеърларининг русча таржимасини ўқий бошлади. Устоз уни тўхтатди: «Абдулла, шеърларингни ўзбекча ўқи, тушунамен» (Қайсин оға Алишер Навоийси бор ўзбек шеъриятини аслиятдан ўқиш учун ўзбек тилини мустақил равишда ўрганганди). Шуни кутиб турган Абдулла ака шеърларини жўшиб ўқиди. Кўпни кўрган устоз Абдулла Ориповдаги ёрқин истеъдодни дарҳол англади, русчага ўгирилган шеърларининг нуфузли журналда чоп этилишига тамал тошини қўйди.
Семинар йиғилишларида: «Ўзбек поэзиясини янги катта истеъдод билан табрикласак бўлади», дея баралла айтди. Хуллас, Москвага ёш ижодкор бўлиб кетган Абдулла Орипов устозлар назарига тушган шоир бўлиб юртимизга қайтди.
Умуман олганда, Қайсин Қулиев юртимиз, юртдошларимиз ҳақида ҳамиша мақтов сўзлари айтарди, ўзбек халқининг ютуқлари билан фахрланарди. «Ўзбек шеърияти – жаҳон аҳамиятига молик шеърият. Улуғ Алишер Навоий ижоди фикримнинг ёрқин исботидир», – деган эди Қайсин оға нуфузли анжуманда. У Тошкентда бўладиган анжуманларга қувонч билан келарди.
Бўш қолди дегунча, Тошкент кўчаларини пиёда айланиб завқланарди. Самарқандга борганда ҳайратини баралла ифода этганди: «Самарқандда халқ даҳоси яратган меъморчилик дурдоналарини томоша қилар эканман, бир нарсадан хижолат бўлдим ва ўкиндим.
Дунёда олтмиш йилча яшаган туркий тильда ёзувчи шоир ҳалигача Самарқандни кўрмаган бўлса кечириш мумкинми, ахир? Йўқ... Мен Тожмаҳални, Қизил Фротни кўрганман, дунёдаги бошқа архитектура ёдгорликларини томоша қилганман. Лекин Самарқанддаги обидалар ҳаммасидан зиёда».
Халқимизнинг улуғ шоирлари Ойбек, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Зулфия болқор шоири Қайсин Қулиев билан дўст тутинишганди. Улуғ шоирларимиз издоши бўлган Шукрулло унинг қадрдони эди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов Қайсин Қулиевни устозим дея ҳурмат билан эсга оларди. У кўплаб шоирларимизнинг шеърларини болқор тилига таржима қилганди ва адибларимизнинг Москвада чиқаётган китобларига меҳр билан сўзбоши ёзиб берарди.
Тўққиз йилдан кейин Қайсин Қулиев яна Москвага келди. Бу вақтда Ёзувчилар уюшмасини таниқли адиб, рус зиёлиларининг илғор вакилларидан бири бўлган Николай Тихонов бошқарарди.
Унинг ҳузурига кириб, столи устига кейинги йилларда ёзган китоблари қўлёзмасини қўйди. Тихонов дарҳол нашриётга қўнғироқ қилди. Кўп ўтмай қўлёзма «Тоғлар» номи билан китоб ҳолида нашр этилди. Унга кирган бир қанча шеърларни Тихоновнинг ўзи таржима қилиб берганди.
1956 йилда Қайсин Қулиев Чегемга қайтди. Уни юртдошлари Ёзувчилар уюшмаси котиблигига ва Олий Кенгаш депутатлигига сайлади. Қадрдон Чегем водийси нафасини туйган шоирнинг илҳоми қайнаб тошди.
Унинг болқор ва рус тилларида»Нон ва атиргул»(1957), «Мен тоғлардан келдим»(1959), «Тоғларда гулхан»(1962), «Ярадор тош»(1964), «Мерос»(1965), «Уйингизга тинчлик тилайман»(1966) каби китоблари кетма-кет чоп этилди. Айниқса, 1970 йили Москвада икки жилдли шеърлар ва достонлар китобларининг чиқиши унга катта қувонч бағишлади.
1972 йилда «Замин китоби», 1973 йилда «Лирика» ва «Юлдузлар порлайверади» китоблари дунё юзини кўрди. Қайсин Қулиевнинг 1943 йили Давлат мукофотига тавсия этилганини эслагандик, бу мукофот 1944 йилда берилиши керак эди. Орадан ўттиз йил ўтиб ҳақиқат қарор топди. «Замин китоби» учун 1974 йилда Қайсин Қулиевга Давлат мукофоти берилди. Ҳақиқат қарор топганидан руҳланган шоир мухлисларга янги китобларини тақдим этди: «Дарахт шундай ўсади»(1975), уч жилдли танланган асарлари (1977), «Буғдой бошоқлари ва юлдузлар»(1979).
Мақолани ўқиётганлар болқорлар сони 37 минг кишидан зиёд эканлигига, Қайсин Қулиев рус тилини яхши билиши тўғрисидаги сўзларга назари тушди. Бироқ, Қайсин оға туркий тиллар оиласига кирувчи болқор тили яшаб қолиши учун она тилида ижод қилди.
Юқорида Қайсин Қулиев асарлари 146 тилга таржима қилинганини ёздик. Демак, ҳозир кунда дунёдаги 146 миллат вакиллари болқорларни билади, шоир шеърларини ўқиш орқали болқор маданиятини ўрганишяпти.
Жумладан, унинг она тилимизда «Гул ва ханжар»(1968), «Кўзларингни севаман»(1977), «Мени ардоқлаган аёлларга»(2004), «Ҳайрат»(2013), «Менинг мукофотим»(2017) ва “«Қиш эди...»(2019) номли китоблари чоп этилган.
«Кам сонли халқлар дунёга буюк истеъдодларни беради», дея бежиз айтилмаган. Буни билган шоир умр бўйи кам сонли миллатларнинг тилларини ҳимоя қилди. Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари бошида Москвадаги Фанлар академияси йиғилишида мамлакатдаги кам сонли миллатлар тилларини истеъмолдан чиқариш, ягона тилни ривожлантириш масаласи муҳокама этилди.
Бу хабарни эшитган Қайсин Қулиевдай тил фидойиси бир четда кузатиб туролмасди. У дарҳол йиғилишга етиб борди, депутат бўлгани учун сўз навбати олишга муваффақ бўлди ва таъсирчан нутқ сўзлади: «Ҳозир тил ҳақида гапирганлар билиб қўйсинлар, Ватан учун ҳалок бўлган қаҳрамонлар сўнгги бор она тилида «Озодлик!» дея ҳайқирганлар.
Бу китобий гаплар эмас, балки ботирларнинг қони билан ёзилган ҳаёт фалсафаси, аччиқ ҳақиқатдир. Айримлар «Кам сонли миллатларнинг тиллари ўлади» деб гапираётганидан хабардорман. Буни олимлар эмас, ҳаётнинг ўзи ҳал қилади».
Унинг «Тилшунос олимга» шеъридаги «Агар тил ўлса, ҳалок бўлар мисли қаҳрамон» мисраси олимларни ҳам, сиёсатчиларни ҳам ҳушёрликка ундади(лекин у кейинги 12 йил давомида депутатликка сайланмади). Қайсин Қулиев эса она тилини мадҳ этаверди. «Она тилим», «Она тилимга бахшида қўшиқ» каби шеърларини ёзди, «Муҳаббатим мадҳияси» достонида бир бобни она тилига бағишлади.
Уни кўплаб халқларнинг таниқли адиблари эъзозларди. Авар Расул Ҳамзатов, бошқирд Мустай Карим, қалмоқ Давид Қуғултинов, қирғиз Чингиз Айтматов, рус Роберт Рождественский (у олтойлик шоир, таъқибга учраганда бир муддат Қирғизистонда яшаган) ва бизнинг севимли шоирларимиз Шукрулло, Абдулла Орипов адабиётдаги ҳамфикр сафдошлари, ўзбекча айтганда, ёзувчилар анжуманларидаги даврадошлари эди. Қайсин оға даврабоши бўлган бу давра «Олтин авлод давраси» номи билан адабиёт тарихига кирди.
Оғир хасталикка чалинган шоир умрининг охирги 5-6 йилини тамомила ижодга бағишлади. Қатор янги китобларини – «Одам. Қуш. Дарахт!»(1985), «Одамлар сизга сўзлайман»(1986), «Яшанг»(1986), «Шоир ҳар доим одамлар билан бирга»(1986), янги уч жилдлик танланган асарларини(1987), «Қиш эди...»(1987) романини нашрга тайёрлади(афсуски, бу китобларнинг нашр қилинганини кўриш насиб этмади). Қайсин Қулиев сўнгги интервьюсида «Қиш эди...» романини 35 йил давомида ёзганини, охирги 4-5 йилда романни тугатиш учун қаттиқ ишлаганини таъкидлаганди.
Ҳа, муаллифнинг узоқ йиллик ижоди самарасини берди. Табиат, ҳаёт, ватан, тил, миллат, халқ, одамийлик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, оналик меҳри ва фарзандлик бурчи, дўстлик ва биродарлик, севги ва садоқат, эзгулик ва ёвузлик, уруш ва тинчлик, қаҳатчилик ва фаровонлик ҳақидаги бу роман жаҳон адабиётининг дурдона асарлари қаторидан муносиб ўрин эгаллади.
У 1985 йил 4 июнь куни вафот этди. Васиятига кўра майити бир китоби гонорарига Жилға ирмоғи юқорисидан сотиб олган уйи ҳовлисига кўмилди. Дунёда Қайсин Қулиевни билган, асарларини ўқиган одам борки, мотам тутди.
Халқ севган шоир номини абадийлаштириш борасида кенг кўламли хайрли ишлар бошланди. Налчик шаҳридаги шоҳкўчага унинг номи берилиб, майдонига ҳайкали тикланди. Охирги йилларда яшаган ва ҳовлисидан мангу жой олган хонадонга Қайсин Қулиев уй музейи мақоми берилди, қатор кўча, мактаб ва кутубхоналар унинг номи билан аталди. Ҳозирги кунда Россиядан ташқари Қирғизистон, Туркия, Ҳиндистон, Туркманистонда ҳам Қайсин Қулиев номи билан аталадиган кўча, хиёбон, кутубхона, музей ва боғлар бор. Истанбул ва Анқара шаҳарларида унинг номи билан аталадиган хиёбонга ҳайкали ҳам қўйилган. Эътиборлиси, вафот этгандан кейин ҳам у мукофотланяпти.
1990 йилда асарлари мамлакатнинг энг юксак Давлат мукофотига муносиб кўрилди. 2007 йилда Ингушетия Республикасининг «Хизматлари учун» ордени, 2008 йилда «Арманистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби» фахрий унвони билан тақдирланди.
2015 йилда шоирнинг мухлислари хайрия пуллари ва ҳашар уюштириш орқали Жилға ирмоғи қирғоғидан Қайсин Қулиев уй музейига олиб борадиган йўл ёқасига узунлиги 365 метр, баландлиги 185, эни 60 сантиметр бўлган тош девор тиклашди.
Деворнинг ҳар-ҳар жойида ишланган юзта шарқона токчалардаги қора мармартошларга Қайсин Қулиевнинг юзта машҳур шеъри ўйиб ёзилди. Ҳозирги кунда бу девор «Буюк болқор девори» деб аталади.
Қайсин Қулиев ижодининг умрбоқийлиги сири нимада? Бу саволга жавобни унинг ёзган мақолаларидан топамиз: «Ижодкор меҳнати самараси мангу яшашини билиши керак. Йўқса, ер юзида яшашига ҳожат қолмайди. Сўз айтиш – буюк ҳодиса! Сўз туфайли одам зимистон, бетартибликдан чиқади.
Ахир, у сукут сақласа кўзга ташланмайди. Сўз шарофати билан одам тарихга киради, табиатнинг, жамиятнинг бир қисми эканини англайди». Шоир умр бўйи шу ҳақиқатга амал қилди. Йиллар ўтган сайин янада қатъийроқ. Шунинг учун унинг асарлари яшаяпти. Ахир, буюк шоирлар барча даврдаги авлодлар учун замондошдир.
Шоирнинг ижодидан баҳраманд бўлишингиз учун ўттиз ёшида ёзган дастурий шеърини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
ТУҒИЛГАН КУНИМДА ЁЗИЛГАН ШEЪР
Башар, сизни севиш учун туғилдим,
Мен буни ўзимга шараф деб билдим.
Ичган сувим, еган ноним сизники,
Демак, менинг тану жоним сизники.
Бугун ҳаётимдан эканман мамнун,
Бу сизнинг меҳрингиз тотганим учун.
Сизнинг қувончингиз – менинг қувончим,
Сизнинг аянчингиз – менинг аянчим.
Ғам эгмас, то жон бор экан жонимда,
Сизнинг иродангиз бордир қонимда.
Кўп синовдан ўтдим. Бундай синовдан
Заминдаги ҳар бир одам ўтади.
Ўтар кимдир қасддан ёққан оловдан,
Гоҳ қуёш юзини ёруғ этади.
Гоҳида юзини ювади ёмғир,
Гоҳида юзига сачраб тегар қон.
Шод чоғингизда ҳам, бўлса ҳам оғир,
Сизнинг ёнингизда турдим ёнма-ён.
Гоҳ йиқилдим, лекин ростладим қомат,
Ҳеч кимга қилмадим бундан шикоят.
Мардлар, мардлигингиз мен учун ибрат!
Қулоғимда «Эй дўст» деган сўзингиз.
Сўнг қўлим сиқдингиз, қисиб кўзингиз,
Қўлимдан кетмаган ўша ҳарорат.
Бирга жон сақладик битта окопда,
Устимиздан ўқлар учди у тобда.
Шу замин сақлади бизни қирғин пайт,
Бизни бирлаштирди бир эзгу ният.
Окопдан чиқдикда, олға интилдик,
Иккимиз ҳам битта ўқдан йиқилдик.
Қонсиз лабимизда қотди битта сўз:
Иккимиз учун ҳам сен яша, эй дўст.
Аёллар, меҳрингиз учун ташаккур!
Ҳолбуки, мен сабаб ёш тўкдингиз гоҳ.
Шукурки, қалбимга ёқдингиз шуур,
Сиз сабаб сочимга тушса ҳамки оқ.
Ғала-ғовурлардан эзилган чоғда,
Сизнинг ёнингизда топганман ором.
Хаёл оғушида кезганча боғда,
Дардларимдан холи бўлганман тамом.
Ирмоқлар исёни тинар уммонда,
Уммондай меҳрингиз этди хотиржам.
Яйрадим сиз билан бўлсам меҳмонда,
Ўз қўлингизда чой тутдингиз ҳар дам.
Сиз туфайли қайта бошладим ҳаёт,
Ахир, бахш этдингиз менга зурриёт.
Шеърият – сен менинг ғурурим, орим,
Сен менинг фахримсан, ҳаётим, борим.
Ўзингсан ягона муқаддас хилқат,
Сенга сиғинмадим, қиляпман хизмат.
Агар ҳаётимда билмасдан бир дам,
Сен ҳақда ножоиз сўз айтган бўлсам,
Кечирим сўрайман пойингда нигун:
– Кечир мени, йўлдан озганим учун.
Байроғингни ўпиб ичган қасамёд,
Ёдимдан ўчмас, то эканман ҳаёт.
Мамлакат туғидай байроғинг алвон,
Сен кўрган жанглар ҳам кечган беомон.
О, менинг заминим, ўт-майсанг зангор,
Гулларинг таратар муаттар ифор.
Замин, қоринг босиб юрсам ғарчиллар,
Чўлларингда кезсам қумлар қисирлар.
Сенда тез оқади дарё, ирмоқ, сой,
Сенда тез пишади ризқ-рўзим – буғдой.
Замин, алмашгандай кеча ва кундуз,
Ишлаб, яшаш учун курашяпмиз биз.
Замин, сени севиш учун туғилдим,
Хизматинг қилишни бурчим деб билдим.
Сен учун келганман чексиз самодан,
Қайтурман, кетганда фоний дунёдан.
Замин, сенинг кучинг куч берар менга,
Сенинг қудратингдан оламан қудрат.
Болангман, топиниб яшайман сенга,
Юзим сенга қўйсам оламан роҳат.
Берган неъматингга айтганча раҳмат,
Яшайман, ҳар дамни билиб ғанимат.
То тупроғингдан жой олгунга қадар,
Менга писанд эмас ғам-ғусса, кадар.
Асрор МЎМИН,
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси