Барқарорликни таъминлашда аёллар дипломатиясининг аҳамияти
Туркманистоннинг “Аваза” миллий туристик зонасида “Тинчликни таъминлаш ва барқарор ривожланишга эришишда аёлларнинг роли” мавзусида Халқаро аёллар мулоқоти бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Мавлуда Хўжаева ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати маълум қилди.
Мазкур халқаро тадбирда хотин-қизларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда аёллар дипломатиясининг аҳамияти муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, уларнинг сиёсий ва жамоат жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш барқарор ривожланишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Мулоқот доирасида Марказий Осиё давлатлари аёллари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шунингдек, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда аёлларнинг ролини кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
М.Комилова,
ЎзА