Барқарорлик ва ижтимоий ривожланиш кафолати
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Конституциямиз ўзбек халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш, эркинлик ва ижтимоий адолат, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳақидаги орзулари мажмуидир.
Асосий қомусимизнинг 30 дан ортиқ моддаси бевосита инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган. Унга кўра, давлатимизда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг эса ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади.
Давлатимизнинг пировард мақсади - халқимизнинг урф-одат ва анъаналарига уйғунлашган ҳолда бозор иқтисодиёти шароитида, энг аввало, аҳолининг кам таъминланган ижтимоий гуруҳларига кўмак бериш, адолатли фуқаровий жамият ва демократик ҳуқуқий давлат қуришдир.
Конституцияда ўз ифодасини топган қоидалар ушбу мақсадларга эришишни кафолатлар экан, ўз навбатида, барқарорлик ва ижтимоий ривожланиш кафолати сифатида хизмат қилмоқда.
Яқиндагина давлатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигини нишонладик. Ўтган йилларда бошқа соҳалар қатори нотариат тизими ҳам тубдан ривожланиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси ошди.
Барча қонунлар, шу жумладан, нотариат соҳасига оид ҳужжатлар ҳам Конституциямизда мустаҳкамланган қонун-қоидаларга мос равишда такомиллаштирилди.
Нотариатни ривожлантириш, унинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва ролини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тенглигини таъминлаш соҳадаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларнинг бири сифатида эътироф этилди.
Жумладан, нотариат тизимини ва нотариус фаолиятининг кафолатларини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг мантиқий давоми сифатида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президентимизнинг 2019 йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. 2019-2021 йилларда нотариат институтини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Унда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар давоми сифатида, биринчи навбатда, нодавлат нотариал идораларнинг ҳуқуқий мақоми тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси ҳуқуқий мақоми, вазифа ва функциялари белгиланди. Нодавлат нотариал идораларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва нотариусларнинг фаолиятини лицензиялаш, уларнинг фаолиятини суғурталаш йўлга қўйилди.
Шунингдек, “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги маъмурий регламентларни тасдиқлаш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.
Бундан ташқари, нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган давлат божи ва кўрсатиладиган ҳуқуқий хизмат тўловлари миқдори қайта кўриб чиқилди. Солиқ кодексига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинди.
Эндиликда нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжат ва маълумотлар, шу жумладан, тақиқ ва чекловлар, ҳар хил қарздорлик тўловлари, МИБ тақиқлари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, ички ишлар ҳамда ФҲДЁ органлари ва муомалага лаёқатлилиги ва ҳоказо ҳолатлар ягона электрон база орқали текширилади ва тегишли маълумотлар олинади.
Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар ва кўрсатилган ҳуқуқий ва техник тусдаги хизматлар учун тўловлар миқдори ягона электрон базада акс эттирилади. Бу фуқаролар учун тушунарли бўлиши билан бирга, фаолиятнинг шаффофлигини таъминламоқда. Амалга оширилган нотариал ҳаракатларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳам маълумотлар нотариал идоралар орқали электрон тартибда юборилади ва қайд этилади.
Буларнинг барчаси аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун доирасида ҳимоя қилиш, халқимизнинг ижтимоий ва шахсий ҳаётининг фаровонлигига хизмат қилади.
Бу эса, ўз навбатида, жамиятда барқарорлик ва ижтимоий ривожланиш кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
Дилдор Мусаева,
ҳуқуқшунос.