Барқарор ва энергия самарадор мобиллик сари
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Европа ҳаракатланиш ҳафталиги старт олди.
Ҳафталик доирасида тадбирлар ой охирига қадар давом этади. Хусусан, улар орасида 22 сентябрь куни бўлиб ўтадиган "Автомобилсиз кун" умумжаҳон ҳаракати ҳам ўрин олган.
Бу йилги тадбирлар “Энергияни тежанг” мавзусига бағишланган бўлиб, барқарор шаҳар мобиллигини илгари суришда энергия самарадорлигининг ҳал қилувчи ролига аҳамият қаратилади.
– Энергияни асраш ва тежаш иқлим ўзгаришига қарши курашиш, энергетик хавфсизликни таъминлаш ва жамоавий фаровонликни яхшилашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, – деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан. – Келинглар, барқарор мобиллик ойлиги доирасида энергияни асрашнинг глобал аҳамиятини англаймиз ва барқарор мобилликни кундалик ҳаётимизнинг муҳим қисмига айлантирамиз. Ўзбекистон транспорт инфратузилмасида энергия самарадорлик ўйнайдиган ролнинг эътироф этилиши барқарор шаҳар мобиллигига йўл очади. Биргаликда биз янада экологик тоза ва адолатли келажак сари ҳаракат қиламиз.
Таъкидлаш керакки, жорий йилда Европа Иттифоқининг ташаббусини 39 мамлакатдаги 2000 дан зиёд шаҳар қўллаб-қувватлади. Илғор жаҳон тажрибаси ва аввалги йиллар амалиётига риоя қилган ҳолда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси давлат миқёсидаги ҳамкорларни, маҳаллий ҳокимият органлари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари вакилларини бўлиб ўтадиган Европа ҳаракатланиш ҳафтасида иштирок этишга таклиф этади. Буни мобиллик акциясини ўтказиш, сиёсатни ишлаб чиқиш, инфратузилмани яхшилаш ёки хабардорликни оширишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш орқали амалга ошириш мумкин.
Аҳолига ҳаракатланишнинг экологик тоза воситалари – велосипед, метро ва трамвайлардан фойдаланиш ёки шунчаки пиёда юриш таклиф этилади. Бундай танлов нафақат экологияни тежайди, балки атроф-муҳит ҳолатини яхшилайди ва одамлар фаровонлиги даражасини оширади.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА