Барқарор урбанизация ва замонавий қурилиш: ислоҳотларнинг янги стратегик босқичи
Муносабат
Сўнгги йилларда қурилиш индустрияси миллий иқтисодиётимизни ҳаракатлантирувчи асосий “драйвер”лардан бирига айланди. Соҳада фаолият юритаётган корхоналар сони кескин ортиши ва миллионлаб юртдошларимиз бандлиги таъминлангани ижтимоий барқарорликнинг мустаҳкам кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Эришилган натижалар хотиржамликка берилиш эмас, балки соҳани замон талабларига мос равишда янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Зеро, бугунги шиддатли тараққиёт қурилиш соҳасига янги лойиҳа ечимлари, энергия тежовчи технологиялар ва энг муҳими, юқори сейсмик хавфсизлик стандартларини жорий этишни талаб этмоқда. Шу маънода, урбанизация жараёнларига эндиликда шунчаки статистика эмас, балки иқтисодий ўсиш, инвестициялар оқими ва меҳнат унумдорлигини оширувчи стратегик ресурс сифатида қаралмоқда.
Шаҳарсозликда пала-партишликка чек қўйиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш учун ҳар бир аҳоли пунктининг аниқ бош режаси бўлиши давр талаби саналади. Куни кеча Президентимиз раислигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда илгари сурилган “Бош режасиз қурилиш бўлмайди” деган қатъий тамойил соҳадаги янгиланишларнинг муҳим пойдевори бўлди.

Бундан буён ҳар қандай бино қурилишидан аввал сув, электр, газ ва йўл инфратузилмаси аниқ манбалар ҳисобидан режалаштирилади. Бу ёндашув келгусида аҳоли учун ноқулайликлар келиб чиқишининг олдини олиш билан бирга, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлайди.
Соҳадаги энг оғриқли муаммолардан бири бўлган бюрократия ва коррупцияга чек қўйишнинг ягона йўли бу – жараёнларни тўлиқ рақамлаштиришдир. Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб тизимни сунъий интеллект имкониятлари асосида шаффофлаштириш бўйича берилган топшириқлар тадбиркорлик субъектлари учун янги имкониятлар эшигини очади.
Хусусан, ерни хусусийлаштириш, лойиҳаларни келишиш ва коммунал тармоқларга уланиш жараёнларининг “ягона дарча” тамойили асосида онлайн форматга ўтказилиши инсон омилини истисно этади. Бу эса тадбиркорнинг вақтини тежаб, қурилиш бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантиради.
Шаҳарларимизнинг фақат энига кенгайиши инфратузилма харажатларини ошириши ва унумдор экин ерлари қисқаришига сабаб бўлаётганини инобатга олсак, Реновация дастурининг аҳамияти янада яққол намоён бўлади. Маънан эскирган уйлар ўрнида замонавий, энергия тежовчи ва хавфсиз мажмуалар барпо этиш бугунги куннинг кечиктириб бўлмас вазифасидир. Бу жараёнда сифат назоратининг янги босқичи доирасида онлайн видеокузатув тизимининг жорий этилиши ва лойиҳачи ҳамда пудратчи масъулиятининг KPI асосида баҳоланиши соҳада сифат кўрсаткичларини янги босқичга олиб чиқади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, “Адолат” СДП Сайловолди дастурида ҳам аҳолини сифатли ва муносиб уй-жой билан таъминлаш борасида тизимли ташаббуслар илгари сурилган. Партиямиз шаҳарсозлик ислоҳотларида инсон саломатлиги ва экологик барқарорликка алоҳида урғу бериб, истироҳат боғлари, болалар оромгоҳлари ва яшил ҳудудларни сақлаб қолиш, уларни хусусийлаштиришни тақиқлаш бўйича қатъий позицияда туради. Шунингдек, энергия тежамкор қурилиш меъёрларини қабул қилиш ва замонавий иситиш тизимларини жорий этиш орқали нафақат энергия хавфсизлигига эришиш, балки оилаларнинг коммунал харажатларини камайтириш ҳам бош мақсадларимиздан биридир.
Хулоса қилиб айтганда, уй-жой қурилиши ва урбанизация соҳасидаги бу кенг кўламли ислоҳотлар Бош қомусимизда белгиланган фуқароларнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқини амалда таъминлашга хизмат қилади. Президентимиз томонидан белгилаб берилган стратегик вазифалар Янги Ўзбекистоннинг меъморчилик қиёфасини ўзгартириш билан бирга, халқимизнинг фаровон яшаши ва келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир. Зеро, барқарор ва хавфсиз яшаш муҳити – кучли иқтисодиёт ва бахтли жамиятнинг пойдеворидир.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА