Барқарор тараққиёт ва ижтимоий фаровонлик асоси
Ҳар бир фаровон оила бу кучли жамият ва ривожланган давлатнинг пойдеворидир. Шу нуқтаи назардан, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, уларнинг даромад манбаларини кенгайтириш ҳамда иқтисодий саводхонлигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ана шундай эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида муҳим ташаббуслардан, “Фаровон оила” акцияси ташкил этилди. Мазкур акция ЎзЛиДеП туман Кенгаши ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши ҳамкорлигида ўтказилиб, у аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилувчи амалий платформага айланди.

Тадбир тумандаги 1-сонли техникумда ташкил этилиб, унда мутасадди ташкилотлар, жумладан, туман ҳокимлиги, “Агробанк” ва “Халқ банки” туман филиаллари, шунингдек, солиқ органлари вакиллари фаол иштирок этди. Бу эса акциянинг фақат назарий эмас, балки амалий аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.

Тадбир доирасида оилаларнинг барқарор даромадини таъминлаш, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш ҳамда молиявий мустақиллигини кучайтиришга қаратилган ўқув курслари йўлга қўйилди. Ушбу курслар орқали фуқароларга замонавий бизнес юритиш асослари, кредит ва субсидия имкониятларидан самарали фойдаланиш, солиққа оид билимларни ошириш бўйича тизимли тушунтиришлар берилмоқда.

“Фаровон оила” акцияси бу шунчаки тадбир эмас, балки аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган изчил сиёсатнинг амалий ифодасидир. Мазкур ташаббус орқали ҳар бир оиланинг иқтисодий барқарорлиги таъминланиб, пировардида бутун жамият тараққиётига мустаҳкам замин яратилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.