Барқарор ривожланиш йўлида қандай вазифалар долзарб?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ)да Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишнинг устувор йўналишларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистонда БРМ кўрсаткичлари бўйича ижобий натижалар қайд этилаётгани билан бирга, ҳал қилиниши зарур бўлган қатор вазифалар ҳам мавжудлиги таъкидланди.
Хусусан, камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2025 йилда 5,8 фоизгача пасайди, камбағал аҳоли сони эса 6 миллион нафардан 2,2 миллион нафаргача қисқарди. Бунда манзилли ижтимоий сиёсат, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва “маҳаллабай” ишлаш механизмлари муҳим роль ўйнади.
Таълим ва гендер тенглиги соҳаларида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Бироқ, аёллар ва эркакларнинг иқтисодий фаоллиги ўртасидаги тафовут сақланиб қолмоқда, яъни аёлларда 43-45 фоиз, эркакларда қарийб 70 фоиз. Халқаро меҳнат ташкилоти баҳосига кўра, иш ҳақидаги гендер тафовути ҳам 25-35 фоизни ташкил этади.
Ёшлар бандлиги ҳам долзарб масала бўлиб қолмоқда. Ҳар йили қарийб 600 минг нафар ёш меҳнат бозорига кириб келади. Ўқимайдиган, ишламайдиган ва касбий тайёргарликдан ўтмаётган ёшлар улуши 2005 йилдаги 25,3 фоиздан 2025 йилда 13,7 фоизгача камайган. Бироқ Mehnat.uz платформасидаги резюмелар таҳлилига кўра, ёшларнинг 69,1 фоизи иш тажрибасига эга эмас.
Рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект соҳасида ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Ўзбекистоннинг сунъий интеллектга тайёрлик кўрсаткичи 2020 йилдаги 95-ўриндан 2025 йилда 62-ўринга кўтарилди. Келгусида ҳисоблаш қувватлари ва технологик инфратузилмани янада ривожлантириш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
“Яшил” иқтисодиёт йўналишида 2016-2025 йилларда электр станцияларининг ўрнатилган қуввати қарийб икки баравар ошиб, 26,9 ГВтга етди. Шундан 7,6 ГВт ёки 28,2 фоизи қуёш ва шамол генерацияси ҳиссасига тўғри келади. Сўнгги йилларда энергетика соҳасига қарийб 23 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди.
Семинарда халқаро БРМ кўрсаткичларини баҳолашда статистик маълумотларнинг кечикиб янгиланиши масаласига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, “Sustainable Development Report 2026” ҳисоботида Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергия бўйича кўрсаткичи 2022 йил маълумотлари асосида баҳоланган. Шу сабабли, кейинги йилларда энергетика соҳасида амалга оширилган ўзгаришлар халқаро индикаторларда ҳали тўлиқ акс этмаган.
Тадбир якунида БРМга эришишда ишончли статистика, илмий тадқиқотлар, далилларга асосланган қарорлар ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини мунтазам баҳолаб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА