Барқарор ривожланиш мақсадлари: қуруқлик экотизимлари муҳофазаси кучайтирилади
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) доирасида “Қуруқлик экотизимларини муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни асраш” мавзусида семинар ташкил этилди.
Қўмита раиси Анвар Тўйчиев мамлакатимизда қуруқлик экотизимларини ҳимоя қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Ўрмонлар майдонларини кенгайтириш, чўлланишга қарши курашиш, ерлар деградациясини тўхтатиш ҳамда биохилма-хиллик йўқолишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда ўрмонлар майдони 4,7 миллион гектарга етказилди. Бундан ташқари, Орол денгизининг қуриган тубида қарийб 2 миллион гектар майдонда яшил қопламалар барпо қилиниб, кўкаламзорлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Мамлакат ҳудудида чўлланиш хавфи ортаётгани, иқлим ўзгариши, сув танқислиги, ҳароратнинг кўтарилиши ва чанг-тўзон бўронлари ҳосил бўлиши, ерлар деградацияси жараёнининг кучайиши соҳани янги ёндашувлар асосида ривожлантиришни тақозо этмоқда.
Семинарда қуруқлик экотизимларини ҳимоялаш, ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг емирилишини тўхтатиш ва биохилма-хилликни асраш нафақат экологик хавфсизликнинг муҳим омили, балки иқтисодий барқарорлик, аҳоли фаровонлиги ва ижтимоий ҳимоя сифатида алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.
Барпо этилган ўрмонзорларни сақлаб қолиш, экилган дарахт ва буталарни парваришлаш, деградация учраган ерларни тиклаш, яйловларнинг маҳсулдорлиги ва ўсимлик қопламини ошириш, шўрланган ерлар майдонини камайтириш чораларини янада кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

БРМ мақсадларига эришишда парламент, маҳаллий кенгашлар, жамоатчиликнинг иштироки муҳимлигидан келиб чиқиб, ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш ва биохилма-хилликни асраш, ерларнинг емирилишини тўхтатиш бўйича ҳудудлар кесимида аниқ индикаторлар, эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА