Баркамол ёшлар – эртамиз эгалари
Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 26-умумтаълим мактабида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида «Маънавий баркамол ёшлар келажагимиз пойдевори, эртанги кунимиз эгалари» шиори остида тадбир бўлиб ўтди.
Мактабда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун «Ўймакорлик», «Бичиш-тикиш», «Тўқишни ўрганамиз», «Ёш ихтирочилар», «Чет тилини ўрганамиз», «Бокс» ҳамда рақс ва созандалик тўгараги йўлга қўйилган.
Тадбирда ўқувчилар 5 та муҳим ташаббуснинг биринчи йўналиши бўйича қўшиқ, мусиқа ва рақслари билан иштирок этди. Мактаб ҳовлисида рассомчилик ва ҳунармандчилик тўгараги иштирокчилари ўзлари ясаган буюмлар кўргазмасини ташкил этди.
– 2020-2021 ўқув йили мобайнида таълим муассасамизда 757 ўқувчи таҳсил олди, – дейди мактаб директори Дона Сайдазимова. – Уларнинг 640 нафари фан, 282 нафари эса спорт тўгаракларига жалб қилинган бўлиб, мунтазам ўқув ва спорт машғулотлари олиб борилмоқда. Мазкур фан ва спорт тўгараклари иштирокчилари кўплаб фахрли ютуқларни қўлга кириб келаётганлиги бизларни янада фаол ишлашга ундайди. Хусусан, спорт тўгараги қатнашчилари — Нозима Эргашева ва Aбдулҳамид Эргашев сув спорти бўйича Тошкент шаҳри миқёсида ўтказилган мусобақада Республика босқичига йўлланма олди.
Тадбир доирасида туман ҳокимлиги томонидан мактабга бир неча турдаги спорт анжомлари совға қилинди.
ЎзА