“Баркамол авлод” спорт ўйинларига старт берилди
Мамлакатимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Баркамол авлод” спорт ўйинлари ёшларнинг истеъдодини намоён этишда катта мактаб бўлиб келган. Айтиш лозимки, ҳозирги кунда ушбу ўйинлар 12 та спорт тури бўйича ўтказилиши йўлга қўйилган.
Бугун, 3 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида академик лицей ва профессионал таълим муассасалари ўқувчи-ёшлари иштирокида ўтадиган “Баркамол авлод-2021” спорт мусобақаларининг республика финал босқичи дастлабки мусобақаси – дзюдо баҳсларига старт берилади.

Жорий йил ноябрь ойининг охири, декабрнинг илк кунларида мамлакатимизнинг 14 та ҳудудида дзюдо бўйича республика босқичига номзодларни саралаш мусобақалари бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.
Бугундан мусобақалардаги иштирокини бошлайдиган ёш дзюдочилар Нукусда 3 кун давомида турли вазнларда ғолиб ва совриндорлик учун баҳслашади.
“Баркамол авлод-2021” дастуридан ўрин олган енгил атлетика бўйича республика финал босқичи 10-14 декабрь кунлари Жиззах вилоятида ташкиллаштирилиши белгиланган.
Т. Рўзиев, ЎзА