“Баркамол авлод” болалари кўргазмаси
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Самарқанд шаҳридаги “Чорсу” галереясида Самарқанд вилоят “Баркамол авлод” болалар мактабининг тасвирий санъат тўгараги аъзоларининг кўргазмаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазмада тўгарак раҳбари Наргиза Очилова ва 15 нафар ўқувчи болажонларнинг саксонга яқин ижод намуналари намойиш этилди. Энг муҳими, кўргазмада самарқандлик таниқли рассомлар иштирок этиб, ўқувчиларнинг ишларига баҳо беришди ва уларнинг ижодларига омад тилади.
[gallery-2636]
— Бугунги кўргазмани ўтказишдан мақсад болаларнинг беғубор интилишларини ўзига хос рағбатлантириш, уларни илҳомлантиришдан иборат, — дейди кўргазма ташкилотчиси, Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Наргиза Очилова.
– Ҳаммамизга маълум, болага қоғоз ва қалам тутқазсангиз ўз тасаввуридаги нарсаларни чизишни бошлайди. Демак, ҳар бир болада ранг-тасвирга қизиқиш болалигидан мавжуд бўлади. Тўғри, тўгарагимиз аъзоларининг барчаси рассом бўлмайди. Уларнинг бу истеъдодларини амалда намойиш этиш орқали дунёқараши, фикрлаш доирасини кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА