Барчаси инсон қадри учун
Аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни жойларда ўрганиб, самарали ҳал этиш мақсадида Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳи аъзолари Навоий вилоятида бўлди.
Ишчи гуруҳ асосий эътиборни Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлашга қаратди. Жумладан, ўрганишлар давомида аҳолининг талаб ва истаклари асосида Хатирчи тумани “Чечак ота” МФЙда йўл инфратузилмаси, электр, газ ва сув таъминотини янада яхшилаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди.

– Маҳалламизнинг айрим кўчаларида шағал ва асфальт қопламаси ётқизилишида ишчи гуруҳи аъзолари томонидан амалий кўмак кўрсатилди, – дейди маҳалла раиси Ўктам Очилов. – Жумладан, 50 га яқин махсус техникалар жалб этилиб, 700 метр масофадаги ички йўлларга шағал ҳамда 500 метр масофадаги ички йўлларга асфальт қопламаси ётқизилди. Шунингдек, 1 трансформатор пункти янгидан ўрнатилди, 500 метр масофага махсус ёпиқ электр тармоқлари тортилиб, 15 дан ортиқ эски сим ёғочлари бетон таянч устунларига алмаштирилди. 1 дона газ тақсимлаш пункти таъмирланди ҳамда 1 километр масофадаги ўрта ва паст босимли газ тармоқларида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Маҳалла ҳудудига 100 метр Д-0,75 мм бўлган полиэтилен қувур тортилиб, 5 хонадон сув тармоғига уланди. Албатта, бу каби ишлар “Инсон қадри учун” тамойилига асосан олиб борилаётгани барчамизни қувонтиради.

Бугунги кунда юртимизда маҳаллалардаги ёшлар билан ишлаш, улар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боисдан маҳаллада жойлашган 18-сонли мактаб биносида ёшлар, хотин-қизлар ҳамда ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев, Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов иштирок этди.

Меҳнат ярмаркасида тумандаги 47 корхона ва ташкилотлар, жумладан, 21 бюджет ташкилотлари, 26 хусусий корхоналар ўзларидаги мавжуд бўлган 273 бўш иш ўринлари билан қатнашди.
– Ярмаркада 225 нафардан ортиқ ишсиз фуқаролар, шундан 165 нафар хотин-қиз иштирок этди, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Обиджон Холов. – Ўтказилган меҳнат ярмаркасида тегишли ҳамкор давлат ташкилотлари томонидан саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида ишга тушириладиган лойиҳалар ҳисобига яратиладиган иш ўринлари бўйича маълумотлар ҳам берилди. Якунда ишсиз фуқароларнинг 55 нафари корхона, ташкилот ва муассасаларга доимий ишларга жойлаштирилди. 10 нафар фуқаро касбга қайта ўқитишга йўналтирилди ва 40 нафар фуқарога ўз-ўзини банд қилиши мақсадида субсидия асосида асбоб-ускуналар берилди. 11 нафар фуқароларга имтиёзли кредит расмийлаштирилиб, 109 нафарига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Хатирчи туманида мақсадли дастурлар доирасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Туманда 2022-2023 йилларда аҳолига зарур шарт-шароитлар яратиш, ҳудуддаги инфратузилмани ривожлантириш ва шу орқали инвестицияларни жалб қилиш учун жами 239,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Президентимизнинг 2022 йил 18 мартдаги “2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Олтинсой” ва А.Навоий номли маҳаллаларда 7 ижтимоий соҳа объектлари, 20,3 километр ички йўллар, 13,6 километр ичимлик суви, 50,3 километр электр, 2 километр газ тармоқлари, 17 трансформатор ва 7 газ тақсимлаш пунктларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу мақсадлар учун, 24,4 миллиард сўм маблағ сарфланди.
2022 йил Инвестиция дастури доирасида эса 24 объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, 109,1 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан туман ҳудудидаги 52 маҳаллада 88 лойиҳа доирасида 56,6 миллиард сўмлик иш амалга оширилди.
Ўтган давр мобайнида туманда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 августдаги “Маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш орқали аҳолига қулай шароитлар яратиш ва тадбиркорликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан 11,4 миллиард сўмлик, шунингдек, 2022 йил 24 октябрдаги “Бухоро ва Навоий вилоятлари аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига мувофиқ эса 5,3 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, ҳашар йўли билан 2022-2023 йилларда тумандаги 46 маҳаллада 256 километр ички йўлларга шағал ётқизилди, 6 маҳаллада 23,8 километр ичимлик суви тармоғи тортилди.
А.Бўриев,
ЎзА