Барчаси инсон қадри учун
Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Республика тез тиббий ёрдам маркази Навоий филиалининг 8 та туман бўлимига “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам машиналари топширилди.
Аҳолига тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш ва яқинлаштириш, шунингдек, Президентимизнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йилнинг 16 июнь куни “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” ги Президент қарори қабул қилинган эди. Унга кўра, тез тиббий ёрдам тизимида мавжуд автотранспорт воситалари паркини босқичма-босқич янгилаш режаси тасдиқланган.


– Юртимизда аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам хизмати сифатини янада ошириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Зафар Расулов. – Энг муҳими, ушбу топширилган тез тиббий ёрдам машиналари замонавий, барча қулайликлар ва юқори техник кўрсаткичга эгалиги, ҳаракатланиш тезлиги юқорилиги ҳамда ихчамлиги билан ажралиб туради. Мазкур автомобилларни лойиҳалаш ва жиҳозлашда шифокор ҳамда беморларга имкон қадар қулайлик яратишга эътибор берилган.
Дарҳақиқат, аҳолига шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш борасида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Барча қулайликларга эга замонавий машиналарнинг топширилиши ҳам тез тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА