Барча қулайликларга эга янги боғча қурилди
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги Дўстлик маҳалласида 25 нафар болажонни қамраб олиш имкониятига эга янги хусусий мактабгача таълим муассасаси иш бошлади. Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида амалга оширилган мазкур лойиҳа маҳалла аҳли учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
Замонавий талабларга жавоб берадиган боғча якка тартибдаги тадбиркор Насиба Йўлдошева ташаббуси билан барпо этилди. Қарийб 300 миллион сўм миқдоридаги пул маблағи йўналтирилган мазкур маскан замонавий жиҳозлар билан таъминланибгина қолмай, жажжи болажонларнинг таълим-тарбия олишлари, ижодий ривожланишлари учун басрча зарур шарт-шароитлар яратилган.

– Ҳар бир ота-она фарзандининг яхши шароитларда тарбия топишини, соғлом ва билимли бўлиб улғайишини истайди. Шу мақсадда ушбу боғчани ташкил этдим, – дейди тадбиркор Насиба Йўлдошева. – Болажонларимиз эртанги кун эгалари. Уларга қандай шароит яратсак, келажагимиз ҳам шундай бўлади.


Маҳалла аҳли ҳам янги очилган боғча қулайликларидан мамнун.

– Хусусий бўлса-да, бизнинг маҳалламизда мактабгача таълим муассасаси очилгани катта имконият, – дейди шу маҳаллалик Дилорам Файзиева. – Фарзандларимиз шинам ва озода шароитда тарбия олади, мутахассислардан инглиз ва рус тилларини ўрганади. Бу уларнинг келажакда билимли ва етук бўлишига хизмат қилади.

Очилиш маросимида туман ҳокимининг ўринбосарии Хуршид Челибоев, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, яратилган имкониятларни юқори баҳолашди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири